Воҳалик гулчи тадбиркор “Дўстлик” ордени билан мукофотланди

Куни кеча ўтказилган видеоселектор йиғилишида Президентимиз гулчилик фаолияти билан шуғулланувчи сурхондарёлик тадбиркор Бобоёр Холбоев билан суҳбатлашиб, уни “Дўстлик” медали билан тақдирлаш тўғрисида Фармонга имзо қўйганликларини айтган эдилар.

Бугун Термиз шаҳридаги Ёшлар марказида вилоятимиз фаоллари, нуронийлар ва ёшлар, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари иштирокида тантанали тадбир бўлиб ўтди.

Унда Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов иштирок этиб, Термиз тумани “Қаҳрамон” маҳалласида 33 сотих иссиқхонада бир миллиондан ортиқ турли сабзавот, полиз ва гул кўчатлари етиштираётган тадбиркор деҳқоннинг меҳнатлари Президентимиз томонидан муносиб тақдирланганини таъкидлади.

Ўзининг фидокорона меҳнати билан воҳадошларимизга ўрнак бўлаётган тадбиркорга 10 дан ортиқ ёшларни иш билан банд қилгани, маҳалладошларини гулчилик ва кўчатчиликка, иссиқхонада маҳсулот етиштиришга ўргатиб келаётгани учун ўз миннатдорчилигини билдирди.

Шундан сўнг, вилоятимиз раҳбари Бобоёр Холбоевга давлатимизнинг юксак мукофоти - “Дўстлик” орденини тантанали равишда топширди.

Тадбирда сўзга чиққан йигит-қизлар юртимизда ёшларни қўллаб-қувватлашга катта эътибор қаратилаётгани, хусусан, куни кеча Президентимиз ҳузурида ўтказилган видеоселектор йиғилишида ҳам ёшлар бандлиги масаласи кўрилиб, Сурхондарёда қишлоқ хўжалиги соҳасида ёшлар бандлигини таъминлаш борасида қатор ишлар нинг амалга оширилиши белгилангани, бунда Бобоёр Холбоевдек кўп йиллик тажрибага эга деҳқонларнинг ёшларга йўл-йўриқ ва маслаҳатлари зарурлиги айтилгани ҳақида тўхталиб ўтишди.

Тажрибали деҳқон ҳам ўз навбатида ўзининг камтарона меҳнатига қаратилган юксак эътибор учун давлатимиз раҳбарига миннатдорчилик билдириб, воҳамизда гулчилик ва кўчатчилик соҳасини янада ривожлантиришга, ёшларнинг ушбу соҳада бандлигини оширишга тажриба ва билимларини аямаслигини таъкидлади.

Тантанали тадбирда “Энг ташаббускор туман сектор раҳбарлари” ҳамда ёшларни ҳарбий-Ватанпарварлик руҳида тарбиялашда фидокорона меҳнат қилиб келаётган бир гуруҳ мутасаддилар вилоят ҳокимлигининг фахрий ёрлиқлари, сертификат ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Изоҳ қолдириш

Сўровнома
Сурхондарё вилояти ҳокимлиг фаолиятини қандай бахолайсиз ?

Боғланиш
Сайт Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги, Ахборот коммуникация технологияларини ривожлантириш маркази мутахассислари томонидан яратилган.