Бойсунда катта ўзгаришлар амалга оширилади, “Газа”да янги мактаб қурилади
Хабар берилганидек, ҳар икки йилда бир марта ўтказиладиган “Бойсун баҳори” халқаро фестивали бу йил Бойсун тумани “Бибиширин” маҳалласида янгидан бунёд этилаётган туризм комплексида ўтказилади. Фестивал доирасида ҳудуд аҳолисининг турмуш шароитлари ва маҳаллалар инфратузилмасини яхшилаш ишлари амалга оширилмоқда. Қолаверса, янги комплекснинг бунёд этилиши кейинги халқаро фестиваллар ва маданий тадбирлар ўтказиш учун хизмат қилади ҳамда ортиқча сарф-харажатларнинг олди олинади.
Бугун Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов Бойсун туманида бўлиб, халқаро фестивалга тайёргарлик кўриш бўйича белгилаб берилган вазифалар ижроси, қурилиш-таъмирлаш ишларининг бориши билан танишди. Шунингдек, туман марказидаги 10 та маҳаллада инфратузилмани яхшилаш ишлари кўздан кечирилди.
Хусусан, фестивалга келувчилар учун қулай шароитлар яратиш, туман марказидаги 3 км автомобил йўлига асфальт ётқизиш, пиёдалар учун қулайликлар яратиш, сув йўли ариқлари ва мавжуд савдо дўконларини таъмирлаш, хизмат кўрсатиш, меҳмонхона, умумий овқатланиш нуқталари ташкил этиш ва автотураргоҳ қурилиши амалга оширилмоқда.
Шунингдек, туман маркази ва унга ёндош 10 та маҳалладаги 24,4 км асосий автомобил йўлларида асфальтобетон қопламаси ётқизиш учун тайёргарлик кўрилмоқда.
Вилоят раҳбари амалга оширилаётган ишлар ва тадбирлар билан танишиб, қурилиш-таъмирлаш жараёнларини жадаллаштириш, туман маркази ва фестиваль ўтказиладиган туризм комплексидаги тайёргарлик ишларини сифатли ҳамда тизимли амалга ошириш юзасидан янги вазифаларни белгилаб берди.
Шундан сўнг, вилоят ҳокими мутасаддилар билан “Газа” маҳалласида бўлиб, аҳоли турмуш шароитлари ҳамда маҳалла инфратузилмаси билан танишди. Бириктирилган масъуллар ҳамда маҳалла “еттилиги” амалга оширилаётган ишлар ва келгусидаги режалар ҳақида ахборот беришди. Маҳаллада “Кейс-менежмент” асосида ишларни ташкил этиб, кўмакка муҳтожларни аниқлаш ва уларга ёрдам бериш борасида топшириқлар берилди.
Нуронийлар ва аҳоли вакиллари билан суҳбат қилиниб, уларнинг маҳаллада шароитларни яхшилаш бўйича мурожаатлари тингланди. Янги мактаб қуриш учун жой танланиб, масъулларга тегишли вазифалар топширилди. Маҳаллага ташриф сўнгида вилоят раҳбари аҳоли хонадонларида бўлиб, томорқадан самарали фойдаланаётган, ёмғир сувини жамлаб, томчилатиб суғориш ва энерготежамкор усулларда иссиқхонасида маҳсулот этиштираётган деҳқонлар билан ҳам суҳатлашди. Уларнинг бу борадаги тажрибасини бошқа хонадонларда ҳам оммалаштириш, иссиқхоналар ташкил этиш учун аҳолига кўмаклашиш топшириғи берилди.
-
Манзил :Термиз шаҳар, Ат-Термизий, 1-А уй. Жамот транспортлари: 2,4,8,222,17,13,5
-
Телефон :+998 (76) 224-02-89, 1088 Antikorrupsiya +99876-228-0190-2012
-
E-mail:gov@surxondaryo.uz