Сурхондарё вилояти ҳокимлиги
Термиз туманида иссиқхоначилар тажрибаси билан танишилди

Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов Термиз туманига ташриф буюриб, маҳалла “еттилиги”, қайта ишлаш корхонаси, янги лойиҳалар тақдимоти ҳамда аҳоли ва тадбиркорларнинг иссиқхоначилик тажрибаси билан танишди.

Туманга ташрифнинг дастлабки манзилида, “Янгиобод” маҳалласи “еттилиги” фаолияти кўздан кечирилиб, уларнинг амалга оширган ишлари ҳамда келгусидаги режалари юзасидан ҳисоботлари тингланди. Вилоят раҳбари “еттилик” томонидан амалга оширилган ишлар талаб даражасида эмаслиги, аҳоли муаммолари билан манзилли ишлаш лозимлигини қайд этди. Мутасаддиларга маҳалла “еттилиги” фаолиятини самарали ташкил этиш вазифаси топширилди.

Кейинги манзилда вилоят раҳбари “СМ Сурхон” МЧЖнинг лойиҳа қиймати 3 млрд сўм бўлган сут ва сут маҳсулотларини қайта ишлаш корхонаси фаолияти билан танишди. Корхона томонидан 11 нафар маҳаллий аҳолининг бандлиги таъминланган бўлиб, йилига 1,5 минг тонна сут қайта ишланади.

Лойиҳанинг аҳолини сифатли сут маҳсулотлари билан таъминлашдаги ўрнини ҳисобга олиб, иш ўринларини кўпайтириш ва корхона фаолиятини кенгайтириш бўйича тавсиялар берилди. Вилоят раҳбари мутасаддиларга тадбиркор билан манзилли ишлаб, фаолиятини қўллаб-қувватлаш топшириғини берди.

Шундан сўнг, туманнинг “Янги ҳаёт” маҳалласида жойлашган “Humoyiddin Farangiz” оилавий корхонасига қарашли, 2 гектар майдонда жойлашган иссиқхона фаолияти билан танишилди. Айни вақтда иссиқхонада помидор етиштирилаётган бўлиб, пишиб етилган ҳосил маҳаллий бозорларга чиқарилмоқда.

Вилоят раҳбари иссиқхона фаолияти намунали йўлга қўйилганлигини таъкидлаб, тумандаги фаолиятсиз бўлиб турган, маҳсулот етиштирилмаётган иссиқхоналарни бир ҳафта муддатда хатловдан ўтказиб, фаолиятини тиклаш бўйича туман ҳокимлиги ҳамда тегишли тижорат банкларига вазифаларни белгилаб берди.

Шунингдек, туманнинг деҳқончилик, хусусан, иссиқхонада маҳсулот етиштиришдаги бой тажрибасини оммалаштириш, йилнинг ҳамма мавсумида маҳсулот етиштириш имкониятларини ошириш лозимлигини қайд этди.

Изоҳ қолдириш

Сўровнома
Сурхондарё вилояти ҳокимлиг фаолиятини қандай бахолайсиз ?

Боғланиш
Сайт Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги, Ахборот коммуникация технологияларини ривожлантириш маркази мутахассислари томонидан яратилган.