Сурхондарё вилояти ҳокимлиги
Чигит экиш мавсуми олдидан семинар ўтказилди

Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов раҳбарлигида Термиз тумани “Сурхон Намуна” ҳудудида 2024 йил пахта ҳосили учун чигит экиш мавсуми олдидан соҳа мутасаддилари, ҳудудлар раҳбарлари, “Зоом” платформаси орқали туманлардаги кластер ва фермер хўжаликлари вакиллари иштирокида кўргазмали семинар ўтказилди. Мавсум учун техникаларни шай ҳолатга келтириш, фермер хўжаликларига зарур техникаларни харид қилиш учун кўмаклашиш масаласи муҳокама қилинди. Уларнинг бу борадаги муаммолари тингланди.

Уруғлик чигит, ўғитлар ҳамда ёқилғи-мойлаш материаллари захирасини яратиш, майдонларни тайёрлаш бўйича амалга оширилаётган ишларни ўрганиш натижалари ўқиб эшиттирилди. Шунингдек, чигит экиш мавсумини қисқа муддатда уюшқоқлик билан ўтказиш, агротехник тадбирларини тўғри амалга ошириш, уни хатосиз, соғлом ва эрта ундириб олиш, ғўза парвариши ва уни зараркунандалардан ҳимоя қилиш билан боғлиқ тегишли чора-тадбирлар белгилаб олинди.

Шу ернинг ўзида коллекторлар бўйлаб, тут кўчатлари экиш тадбирлари ҳам ўтказилди. Мазкур тадбирлар вилоят бўйлаб давом эттирилаётган бўлиб, ҳудудларда ариқ ва зовурлар бўйидаги бўш майдонларга тут кўчатлари экилмоқда.

Шундан сўнг, вилоят раҳбари Термиз туманида ташкил этилган “Сувчилар мактаби” фаолияти билан танишди. Лойиҳа Президентимиз топшириғи билан 2023 йилдан Сув хўжалиги вазирлиги ва “Агробанк” АТ банки томонидан йўлга қўйилган. Жорий йилда лойиҳанинг 2-босқичида фермер ва деҳқон хўжаликлари вакиллари ўқитилмоқда. “Сувчилар мактаби” учун барча замонавий шароитлар яратилган ҳамда тингловчиларнинг жойлардаги амалиёт объектларига қатнашлари учун транспорт ажратилган.

Вилоят раҳбари масъуллар ва курс тингловчилари билан суҳбатда Хитой давлатига ташриф давомида сувдан самарали фойдаланиш, қишлоқ хўжалиги соҳаларида эришилган лойиҳалар доирасида тажриба участкаларини танлаб олиш, воҳаниннг иқлим ва тупроқ шароитларини чуқур ўрганган ҳолда сув тежовчи технологияларнинг самарадорлигини ўрганиш, шу асосда лойиҳани оммалаштириш юзасидан вазифаларни белгилаб берди.

Изоҳ қолдириш

Сўровнома
Сурхондарё вилояти ҳокимлиг фаолиятини қандай бахолайсиз ?

Боғланиш
Сайт Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги, Ахборот коммуникация технологияларини ривожлантириш маркази мутахассислари томонидан яратилган.