Сурхондарёда 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни кенг нишонланмоқда
Бугун Термиз шаҳридаги “Гранд Алмаз” тантаналар саройида 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан вилоятнинг асосий байрам тадбири ташкил этилди. Тадбирда вилоят ҳокими Улуғбек Қосимов иштирок этиб, жамиятимиз гултожларини баҳорнинг илк айёми – Халқаро хотин-қизлар куни билан самимий табриклади.
Вилоят раҳбари ўз табрик сўзида хотин-қизларимизнинг Ватанимиз тараққиёти ва воҳа ривожига қўшаётган улкан ҳиссаси ҳақида тўхталди. Сўнгги йилларда мамлакатимизда хотин-қизларни эъзозлаб, жамиятдаги роли ва мавқеини ошириш давлатимиз белгилаб олган сиёсатнинг устувор йўналишларидан бирига айлангани қайд этилди.
Вилоятда 1 миллион 421 минг хотин-қиз истиқомат қилмоқда. Уларнинг қонуний манфаатларини таъминлаб, ҳар тарафлама қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, хотин-қизлар муаммоларини ўрганиш ва манзилли ҳал этиш мақсадида “Аёллар дафтари”га киритилган 70 мингдан ортиқ хотин-қизларга манзилли ёрдам кўрсатилди. Хусусан, 624 нафар уй-жойсиз хотин-қизлар уй-жой билан таъминланди. 150 нафар хотин-қизларнинг олий ўқув юртларида таҳсил олишлари учун шартнома пуллари тўлаб берилди. Шунингдек, 21 минг 975 нафар хотин-қизларга оилавий тадбиркорлик дастурлари доирасида жами 404 млрд сўм имтиёзли кредитлар ажратилди.
Давлат бошқарувининг турли соҳаларида фаолият олиб бораётган раҳбарлик салоҳияти ва қобилиятига эга бўлган 1 минг 742 нафар хотин-қизлардан захира кадрлар шакллантирилиб, улардан 7 нафари Давлат бошқарув академиясида “Раҳбар аёллар мактаби” ўқув дастури асосида ўқитилди.
Маросимда 17 нафар хотин-қизларга “Мўътабар аёл” кўкрак нишони ҳамда ибратли ҳаёти ва турли соҳалардаги фидокорона меҳнати учун бир гуруҳ фидойи хотин-қизлар вилоят ҳокимининг фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари билан тақдирланди. Шунингдек, жорий йилда боқувчисини йўқотган, уй-жойга муҳтож 300 нафар аёлларга янги уй-жойлар топширилиши такъкидланди, уларнинг дастлабки 10 нафарига турар-жойлар сертификатлари топширилди.
Байрам тадбирида пойтахтдан ташриф буюрган ҳамда воҳамизнинг таниқли санъаткорларининг куй-қўшиқлари ҳамда бадиий жамоаларнинг байрамона чиқишлари иштирокчиларга кўтаринки кайфият бағишлади.
Байрам тадбирлари шаҳар ва туманларда ҳамда корхона ва ташкилотларда қизғин давом этмоқда.
-
Манзил :Термиз шаҳар, Ат-Термизий, 1-А уй. Жамот транспортлари: 2,4,8,222,17,13,5
-
Телефон :+998 (76) 224-02-89, 1088 Antikorrupsiya +99876-228-0190-2012
-
E-mail:gov@surxondaryo.uz