Жарқўрғонда корхоналар фаолияти ҳамда янги лойиҳалар тақдимоти билан танишилди
Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов Жарқўрғон туманида бўлиб, янги корхона очилишида иштирок этди ҳамда саноат корхоналари фаолияти ва истиқболли лойиҳалар тақдимоти билан танишди.
Дастлабки манзилда “Agro PLAST” МЧЖнинг полиэтилен плёнка ва қоплар ишлаб чиқариш корхонаси фаолияти билан танишилди. Корхонада ҳозирги кунда импорт ўрнини босувчи, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришда фойдаланиладиган, талаб юқори бўлган плёнкалар ишлаб чиқарилмоқда. Шунингдек, тадбиркор томонидан фаолиятини кенгайтириш бўйича полиэтилен пресс иплар ва пластик саватчалар ишлаб чиқариш лойиҳалари тақдимот қилинди.
Вилоят раҳбари соҳа мутасаддилари ва туман раҳбарига тадбиркор билан манзилли ишлаб, лойиҳани қўллаб-қувватлаш, корхона фаолиятини кенгайтириш учун кредит маблағларини ажратиш бўйича зарур чораларни кўриш вазифасини топширди.
Кейинги манзилда “MS-Marjon” МЧЖ томонидан маҳаллий кимёгар-технолог олимлар билан ҳамкорликда экологик тоза, ресурс тежамкор ва иқтисодий самарали комплекс таъсир этувчи янги авлод “Агробентофос” ва “Суперфосфат” инновацион ўғитлари ишлаб чиқариш лойиҳаси билан танишилди. Вилоят раҳбарига ўғитларнинг самараси ҳақида ахборот берилди. Унга кўра инновацион ўғитлар сув ва минерал ресурсларни 25-30 фоизгача тежайди ва ҳосилдорликни оширади. Ўтган йилги тажриба синов натижалари ҳам юқори кўрсаткичларни қайд этгани таъкидланди.
Шундан сўнг, вилоят раҳбари мутасаддилар, нуронийлар ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирокида “Кафолат Нур Файз” МЧЖнинг асфальт ишлаб чиқариш корхонаси фаолиятига старт берди. Умумий қиймати 5,7 млрд сўм бўлган корхонада 15 та иш ўрни яратилган. Эътиборли томони асфальт ишлаб чиқариш учун ёғилғи хом ашёси сифатида кўмирдан фойдаланилади. Бу эса муҳим ресурслардан бўлган табиий газни тежаш ва узлуксиз иш фаолиятини олиб боришни таъминлайди.
Вилоят раҳбари туманнинг “Қораянтоқ” маҳалласидаги “Янги Ўзбекистон” массивига туташ ҳудудда ташкил этилаётган “Ёшлар саноат ва тадбиркорлик зонаси” лойиҳаси тақдимоти билан танишди. Президентимиз томонидан вилоятимиз ёшларининг тадбиркорлик ва саноат зоналарида ўз лойиҳаларини амалга оширишга яратиб бераётган имконият ва имтиёзларидан самарали фойдаланиб, ёш тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш бўйича вазифалар белгилаб олинди.
Ташриф давомида “Сурхон Жар Барака” МЧЖнинг 1,5 гектар янги ер майдонини фойдаланишга киритиш орқали лимончиликни йўлга қўйиш лойиҳаси билан ҳам танишилди ҳамда тадбиркор томонидан музлатгичли омборхона ташкил этиш лойиҳаси тақдимот қилинди. Лойиҳани кенгайтириш, янги иш ўринлари яратишда тадбиркорга кўмак кўрсатиш бўйича мутасаддиларга топшириқлар берилди.
Ташриф якунида мутасаддилар “Парранда комплекс савдо” МЧЖнинг парранда озуқаси ва ем ишлаб чиқариш корхонаси ҳамда замонавий интенсив боғ ташкил этиш лойиҳаси билан ҳам танишишди.
-
Манзил :Термиз шаҳар, Ат-Термизий, 1-А уй. Жамот транспортлари: 2,4,8,222,17,13,5
-
Телефон :+998 (76) 224-02-89, 1088 Antikorrupsiya +99876-228-0190-2012
-
E-mail:gov@surxondaryo.uz