Сурхондарё вилояти ҳокимлиги
Жарқўрғонда топшириқлар ижроси ўрганилди

Хабар берганимиздек, вилоят ҳокими Улуғбек Қосимов Жарқўрғон тумани “Қораёнтоқ” маҳалласида бўлиб аҳоли бандлигини таъминлаш, даромадларини ошириш, камбағалликни қисқартириш ҳамда инфратузилмани яхшилаш бўйича мутасаддиларга вазифаларни белгилаб берган эди.

Вилоят раҳбари ҳудудларга ташрифидан сўнг, куннинг иккинчи ярмида ҳам ушбу маҳаллада бўлиб, белгилаб берилган топшириқлар ижроси билан танишди, хонадонма-хонадон юриб, аҳоли билан мулоқот қилди. Бугуннинг ўзида маҳалладаги тупроқ йўлларни текислаш, тошлаш, кўчаларни ободонлаштириш, кўчатлар экиш, дарахтларни оқлаш, мавжуд трансформаторни катта қувватлисига алмаштириш, фойдаланилмаётган аҳоли томорқаларини шудгорлаш, экин экиш учун тайёрлаш ишлари бошлаб юборилди.

Шунингдек, ичимлик суви тармоғини тортиш ишлари амалга оширилаётган бўлиб, бошланган комплекс ишлар давом эттирилмоқда. Бундан ташқари бириктирилган масъуллар, тижорат банклари вакиллари хонадонларда оилавий тадбиркорликни ривожлантириш имкониятлари билан танишиб, оилаларга тегишли таклиф ва тавсиялар беришмоқда.

Вилоят раҳбари хонадонларда томорқадан самарали фойдаланиш ҳолати билан танишиш давомида гул кўчатлари етиштириш билан шуғулланадиган оила билан суҳбатлашди. Янги харидоргир гул кўчатлари етиштириш бўйича тавсиялар берилди. Шунингдек, иссиқхонада қулупнай ва бошқа сабзавот маҳсулотлари етиштираётган хонадонлар билан ҳам танишилди.

Амалга оширилаётган ишлар юзасидан бириктирилган мутасаддилар вилоят раҳбарига ахборот берди. Маҳаллада комплекс ишларни сифатли амалга ошириш лозимлиги, бу бир кунлик тадбир бўлмаслиги, аҳоли бандлигини таъминлаш орқали даромадларини ошириш, томорқадан самарали фойдаланиш тажрибасини шакллантириш, камбағалликни қисқартириш, ҳудуд инфратузилмасини яхшилаш тадбирлари тизимли давом эттирилиши таъкидланди.

Белгилаб берилган вазифалар ижросини вилоят ҳокими шахсан назорат қилишини қайд этди.

Изоҳ қолдириш

Сўровнома
Сурхондарё вилояти ҳокимлиг фаолиятини қандай бахолайсиз ?

Боғланиш
Сайт Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги, Ахборот коммуникация технологияларини ривожлантириш маркази мутахассислари томонидан яратилган.