Сурхондарёда чигит экиш бошланди

Ҳудудларда мавжуд ер майдонларидан самарали ва мақсадли фойдаланиш, чигит экиш ишларига пухта тайёргарлик кўриш ҳамда бу борадаги вазифаларни белгилаб олиш мақсадида Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов раҳбарлигида Жарқўрғон туманида семинар ўтказилди. Унда туман сектор раҳбарлари, қишлоқ хўжалиги соҳасидаги бошқарма ва ташкилотлар бошлиқлари, туманлар ҳокимларининг соҳага масъул ўринбосарлари ҳамда кластер ва фермер хўжаликлари раҳбарлари иштирок этишди.

Жарқўрғон тумани “Жайронхона миришкор” ҳудудида жойлашган “Оққўрғонлик Асадбек” фермер хўжалиги даласида ўтказилган семинарда соҳа мутахассислари ва кўп йиллик тажрибага эга фахрийларнинг тавсия ва маслаҳатлари тингланди. Воҳанинг жанубий ҳудудларида тупроқ намлиги ва ҳаво ҳароратининг чигит экиш учун мос даврда эканлигини қайд этилди.

Шу боис вилоят раҳбари ҳар бир ҳудуднинг иқлим шароитлари ва тупроқ намлигини ҳисобга олиб, чигит экиш ишларини босқичма-босқич олиб бориш лозимлигини таъкидлади. Шунингдек, ўтган йилда пахтачиликда эришилган натижаларни янада яхшилаш, фермер хўжаликлари учун пахта етиштиришда яратилган имконият ва имтиёзлардан самарали фойдаланишлари учун шароитлар яратиш, уларнинг янги қишлоқ хўжалиги техникалари ва агрегатларини харид қилишлари учун кўмаклашиш бўйича соҳа мутасаддилари ҳамда тижорат банкларига вазифалар топширилди.

Шундан сўнг, мазкур фермер хўжалиги даласида ер майдонини чигит экишга тайёрлаш, бароналаш, янги замонавий сеялкада чигит экиш ишлари амалий тарзда кўрсатиб берилди. Янги сеялканинг афзаллиги чигит экиш билан бир вақтда минерал ўғитлар билан ҳам ишлов бериши, уруғларнинг ўз вақтида ва сифатли унуб чиқишини таъминлаши қайд этилди.

Семинардан сўнг, вилоят раҳбари туманнинг “Авлод” маҳалласида бўлиб, аҳолининг томорқадан самарали фойдаланиш тажрибаси билан танишди. Мутасаддилар билан хонадонларда озиқ-овқат маҳсулотлари ҳамда иссиқхоналарда сабзавот етиштириш жараёнлари кўздан кечирилди.

Маҳаллада томорқадан самарали фойдаланиш йўлга қўйилган бўлиб, вилоят раҳбари уларнинг экспортбоп, бозоргир маҳсулотлар етиштиришлари учун янада қулай шароитлар яратиш, уларнинг тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш, иссиқхоналар ташкил этиш учун имтиёзли кредитлар ажратиш бўйича туман раҳбарлари ва тижорат банкларига вазифалар белгилаб берилди.

Ташриф давомида маҳалланинг инфратузилмаси ҳам ўрганилиб, йўлларни таъмирлаш, ариқ ва зовурларни тозалаш, уларнинг атрофларига дарахт кўчатлари экиш, умуман олганда аҳоли турмуш шароитларини яхшилаб, муаммоларини ҳал этиш топширилди.

Изоҳ қолдириш

Сўровнома
Сурхондарё вилояти ҳокимлиг фаолиятини қандай бахолайсиз ?

Боғланиш
Сайт Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги, Ахборот коммуникация технологияларини ривожлантириш маркази мутахассислари томонидан яратилган.