Қизириқда 56 нафар ёшга 50 сотихдан ер майдони ажратилди
Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимовнинг бугунги ташрифи Қизириқ туманидан бошланди. Ташриф дастурида маҳалла “еттилиги” фаолияти, аҳолининг деҳқончилик тажрибаси билан танишиш ҳамда ёшлар билан учрашиб, уларга ер майдонлари ажратиш тадбирлари ўрин олди.
Биринчи манзилда “Наврўз” маҳалласи “еттилиги” ва туман бўлимлари томонидан амалга оширилаётган ишлар ва келгусидаги режалар тақдимот қилинди. Шунингдек, маҳаллада яшовчи деҳқон Баҳодир Пардаевнинг хонадонида иссиқхонада булғор қалампири етиштириш фаолияти билан танишилди. Вилоят раҳбари тадбиркор билан фаолияти ва томорқадан олаётган даромади ҳақида суҳбатлашди. Масъулларга ушбу тажрибани оммалаштириш, аҳолини ердан самарали фойдаланишга ўргатиш вазифаси топширилди.
Шундан сўнг, вилоят раҳбари шу маҳалланинг ўзида 56 нафар ёшлар билан учрашув ўтказди. Уларнинг бандлигини таъминлаш мақсадида 50 сотихдан, 28 гектар ер майдони ажратиб берилди. Мазкур ер майдони полиз маҳсулотлари етиштириш учун қулай тупроқ унумдорлигига эга эканлиги қайд этилди. Шуни инобатга олган ҳолда, “Бир контур – бир маҳсулот” тамойили асосида полиз маҳсулотлари етиштиришни йўлга қўйиш, тажрибага эга агроном бириктириб, ёшларни ердан самарали фойдаланишга ўргатиш кўрсатмаси берилди.
Шунингдек, маҳалланинг ўзида саримсоқ пиёз етиштираётган хонадонда ҳам бўлинди. Вилоят раҳбари маҳалланинг ҳамжиҳатлиги, ҳоким ёрдамчисининг ташаббускорлигини эътироф этди. Маҳалла аҳолиси “Ташаббусли бюджет” лойиҳасидан самарали фойдаланиб, инфратузилмани яхшилаш ишларини амалга оширишган.
Кейинги манзилда вилоят раҳбари “Янгикент” маҳалласида яшовчи фуқаро, замонавий усулда қулупнай ва кўчат етиштираётган Шербой Худоёров хонадонида бўлди. Авваллари мигрантда юрган фуқаро ердан самарали фойдаланаётгани сабабли хорижда ишлаб топган пулидан кўра кўпроқ даромад қилганлигини таъкидлади. Мутасаддиларга ушбу тажрибани ҳам оммалаштириш, тадбиркорнинг иссиқхоначилик фаолиятини кенгайтириш учун амалий ёрдам кўрсатиш топширилди.
-
Манзил :Термиз шаҳар, Ат-Термизий, 1-А уй. Жамот транспортлари: 2,4,8,222,17,13,5
-
Телефон :+998 (76) 224-02-89, 1088 Antikorrupsiya +99876-228-0190-2012
-
E-mail:gov@surxondaryo.uz