Бойсунга ташриф: Фестивалга тайёргарлик, мактаб ва оилавий боғча фаолияти билан танишув ҳамда қурилиш соҳаси муҳокамаси

Вилоят раҳбари бугун ҳудудларга ташрифини Бойсун туманида давом эттирди. Ташриф дастурига мувофиқ туризм комплекси қурилиши, таълим муассасалари фаолияти, маҳаллалар инфратузилмасини яхшилаш ҳамда “Янги Ўзбекистон” массивида амалга оширилаётган ишлар ва лойиҳалар тақдимоти билан танишилди.

Дастлаб, “Бибиширин” маҳалласида “Бойсун баҳори” халқаро фольклор фестивалига тайёргарлик жараёнлари, асосий саҳна ҳамда шаҳар ва туманлар повильонларини ташкил этиш, меҳмонхона қурилиши, комплексга борувчи йўлларни таъмирлаш ишлари кўздан кечирилди. Масъулларга ишларни жадаллаштириш топширилди.

Кейинги манзилда, 39-сонли мактаб фаолияти билан танишилди. Вилоят раҳбари мактабда ташкил этилган “Китоб ярмаркаси”да қатнашиб, ўзининг яхши кўрган китобларини сотиб олиб, ўқувчиларга совға қилди, шунингдек, мактаб кутубхонаси учун ҳам китоблар жамланмаси олиб берилди. Мактабда ўқувчиларга “иккита хорижий тил ва битта касб” ўргатиш ишларининг бориши, инлиз ва француз тилларини ўргатиш тўгараклари фаолияти билан танишилди.

Тикувчилик тўгараги ўқувчилари томонидан фаоллар зали пардалари ва ўриндиқлар учун тўшама тикилганлиги, умуман мактабда таълим-тарбия ва тўгараклар фаолияти намунали ташкил этилганлиги қайд этилиб, директор ҳамда фидойи ўқитувчиларни рағбатлантириш тавсияси берилди.

Мактаб билан танишувдан сўнг, “Мустақиллик” маҳалласи “еттилиги” фаолияти ва келгусидаги режалари юзасидан ахборот беришди. Уларга аҳоли бандлигини таъминлаш, мигрантда юрган фуқароларни қайтариш ва ишга жойлаштириш, маҳаллани жиноятчиликдан ҳоли ҳудудга айлантириш бўйича вазифалар белгилаб берилди.

Шунингдек, мутасаддилар “бир маҳалла – бир маҳсулот” тамойили асосида “Авлод”, “Дуоба” ва “Ўрмончи” маҳаллаларида асаларичиликни, “Шўрсой” маҳалласида иссиқхоначиликни ривожлантириш лойиҳаларини тақдимот қилишди. Вилоят раҳбари “Авлод” маҳалласига бир ҳафта муддатда 100 та хонадонга асалари оилаларини етказиб бериш, уларни ўқитиш, иссиқхоначиликда намунали маҳаллалар тажрибасини жорий этиш бўйича тавсия ва кўрсатмаларни берди.

Шундан сўнг, ушбу маҳаллада яшовчи фуқаро С.Жўраев томонидан яшаш хонадонида ташкил этилган оилавий боғча фаолияти, иссиқхона, боғ ва чорвачилик ишлари билан ҳам танишилди. Вилоят раҳбари боғча болаларига совғалар, ўйинчоқлар топширди. Маҳаллада шундай намунали хонадонлар борлиги, ҳудуд учун катта имконият ва тажриба эканлиги таъкидланди.

Вилоят раҳбари ушбу маҳалла ҳудудида барпо этилаётган “Янги Ўзбекистон” массивидаги қурилиш ишларининг бориши билан ҳам танишди. Мутасаддилар, шаҳар ва туманлар ҳокимларининг соҳага масъул ўринбосарлари ҳудудларда массивлар қурилиши бўйича тақдимотлар қилишди. Турар жойлар ва ижтимоий соҳа объектлари қурилишини сифатли амалга ошириш ва жадаллаштириш топшириғи берилди.

Аввалги ташрифларда туман марказидаги 10 та маҳаллада ободонлаштириш ва бунёдкорлик ишларини амалга ошириш бўйича белгилаб берилган топшириқлар ижроси “Косиблар” маҳалласида ўрганилди. Ҳудуддаги йўлларни асфальтлаш ишлари кўздан кечирилди. Ишлар талаб даражасида йўлга қўйилмаганлиги, аҳоли билан манзилли ишламаганлиги учун маҳалла раисининг лавозимига лойиқлиги масаласини кўриб чиқиш, аҳоли бандлигини таъминлаш орқали даромадини ошириш, камбағалликни қисқартириш ҳамда турмуш фаровонлигини яхшилаш бўйича вазифалар белгиланди.

Туманга ташриф сўнгида қурилиш соҳаси мутасаддилари, шаҳар ва туманлар ҳокимларининг ўринбосарлари иштирокида ҳудудларда амалга оширилаётган ишлар муҳокама қилинди. Қурилиш соҳасида йўл қўйилаётган камчиликлар кўрсатиб ўтилди. Массивлар ва лойиҳалар қурилишини муддатида, сифатли амалга ошириш юзасидан чора-тадбирлар белгиланди.

Изоҳ қолдириш

Сўровнома
Сурхондарё вилояти ҳокимлиг фаолиятини қандай бахолайсиз ?

Боғланиш
Сайт Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги, Ахборот коммуникация технологияларини ривожлантириш маркази мутахассислари томонидан яратилган.