Обод хонадон, обод кўча обод маҳалла: Сурхондарёда 75 та маҳалланинг инфратузилмаси мезон асосида яхшиланди
Халқимизда яхши бир анъана бор, байрамларга аҳолимиз учун туҳфалар тайёрланади, янги объектлар, бинолар фойдаланишга топширилади. Бу йилги “Наврўз” умумхалқ байрамида ҳам сурхондарёликлар учун байрам совғаси сифатида 75 та маҳаллада “Обод хонадон, обод кўча, обод маҳалла” мезонлари асосида ободонлаштириш ва бунёдкорлик ишлари амалга оширилиб, бугун фойдаланишга топширилди.
Видеоконфренцалоқа шаклида вилоятнинг 15 та ҳудудидаги 75 та маҳалла билан ўтказилган тантанали тадбирда вилоят ҳокими Улуғбек Қосимов иштирок этди.
Дастлаб, вилоят раҳбари Термиз шаҳри маҳалларидан бирида ташкил этилган байрам сайлларига ташриф буюриб, нуронийлар ва фаоллар билан суҳбатлашди. Йиғилганларни байрам билан қутлади. Дошқозонларда қайнаётган сумалак, байрам тадбирлари, концерт дастурлари, миллий урф-одат ва анъаналарни ўзида мужассам этган чиқишлар тадбирга ўзгача завқ-шавқ улашди.
Шундан сўнг, ҳудудлар билан видеоконфренцалоқа шаклида мулоқот қилиниб, фаолларнинг фикр ва мулоҳазалари тингланди. Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан амалга оширилган кенг кўламли ишлар натижасида воҳа аҳолисининг турмуш фаровонлиги янада яхшиланганлиги, инфратузилма ривожланиб, одамлар учун қулай шарт-шароитлар яратилганлиги таъкидланиб, давлатимизга миннатдорчиликлар билдирилди.
Хусусан, мезонлар асосида вилоятимиздаги 75 та маҳаллада ободонлаштириш ва бунёдкорлик ишларининг амалга оширилиши натижасида 9 мингта уй-жой таъмирланди, 604 та кўчадаги йўлларнинг 64 км қисми асфальтланди, 653 км қисмида шағаллаштириш ва бетонлаш ишлари амалга оширилди. Ҳудудларда 5 та кўприк янгидан қурилди ва 2 минг квадрат метр пиёдалар йўлаги барпо этилди.
Коммунал хизматлар сифатини янада яхшилаш мақсадида 82 км ичимлик суви тармоғи таъмирланди, 19 та янги сув иншооти ўрнатилди. Электр энергияси таъминотини яхшилаш мақсадида 2 мингдан зиёд бетон устунлар ўрнатилди, 149 км янги электр тармоғи тортилди ва 68 та трансформатор пунктлари ташкил этилди.
Бундан ташқари, 23 мингта фойдаланилмаётган томорқа шудгорланиб, экин экилди. Аҳолининг ундан фойдаланиб, даромад олиши учун шароит яратилди. 655 км ариқлар қазилиб, 126 минг дона манзарали ва мевали дарахт кўчатлари экилди. Маҳаллалардаги 2 минг тоннадан зиёд чиқиндилар олиб чиқилиб, тозаланди. Ушбу маҳаллаларда 57 та янги ижтимоий соҳа объектлари фойдаланишга топширилди ва 65 тасида таъмирлаш ишлари амалга оширилди.
Фаоллар билан мулоқот давомида ҳар бир маҳаллада ўтказилган ўрганишлар натижасида аниқланган муаммолардан келиб чиқиб, ишлар амалга оширилганлиги таъкидланди. Вилоят раҳбари сўзининг сўнгида тадбир иштирокчилари ҳамда воҳамиз аҳлини яна бир бор Муборак Рамазон ойи ҳамда “Наврўз” умумхалқ байрами билан табриклади.
-
Манзил :Термиз шаҳар, Ат-Термизий, 1-А уй. Жамот транспортлари: 2,4,8,222,17,13,5
-
Телефон :+998 (76) 224-02-89, 1088 Antikorrupsiya +99876-228-0190-2012
-
E-mail:gov@surxondaryo.uz