Расмий баёнот: Қумқўрғон туманида содир бўлган сел-сув тошқин оқибатлари бартараф этилмоқда
Кеча, 21 март куни тахминан соат 19:10 лар атрофида Қумқўрғон тумани ҳудудидаги қир-адирликларда кучли ёмғир ёғиши натижасида йиғилган ёмғир сувлари Арнали сой орқали “Элобод” маҳалласига кириб келган. Кўп миқдордаги ёмғир сувлари маҳалла ҳудудидаги ички сув тармоқларига сиғмасдан, ҳудуддаги 2 та ички кўчаларда жойлашган 47 та хонадоннинг ҳовли ва томорқаларига, айрим турар-жойлар ичкарисига кирган.
Шунингдек, кучли ёмғир сувлари “Азларсой” сойидан тошиб, сой қуйисида жойлашган “Азларсой” маҳалласи ҳудудидаги 5 та ички кўчаларда жойлашган 56 та хонадоннинг ҳовли ва томорқаларига, айрим турар-жойларга сув кирган.
Тошқин оқибатларини бартараф этиш ва аҳолининг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида, “Азларсой” маҳалласидаги 56 та хонадондан 210 нафар ва "Элобод" маҳалласидаги 32 та хонадондан 150 нафар аҳоли хавфсиз ҳудудда жойлашган яқин қариндошларининг уйларига вақтинча кўчирилди. Туман марказидаги “Янги шаҳар” маҳалласида жойлашган 2 та 4 қаватли уйларнинг ертўласига йиғилган тошқин сувлари ёнғин-қутқарув техникалари ва мотопомпалар ёрдамида чиқариб ташланди.
Қумқўрғон тумани “Элобод” маҳалласи ҳудудидан ўтувчи М-41 “Алмата-Бишкек-Душанбе-Термиз” автомобил йўлининг 1535-1536 км оралиғида транспорт воситалари ва йўловчилар хавфсизилигини таъминлаш мақсадида, вақтинчалик ҳаракат чекланиб, сув тошқинлари тугаганидан сўнг, йўлга йиғилган лойқалар махсус техникалар ёрдамида тозаланиб, соат 21:00 да икки томонлама транспорт қатнови тўлиқ тикланди.
Ушбу ҳудудда содир бўлган тошқин сувлари Термиз минтақавий темир йўл узели УКга қарашли, “Қумқўрғон–Элбаён” перегони ПК 8-9 темир йўл остидан ўтган сув қувурига сиғмаганлиги натижасида, темир йўлнинг тахминан 0,4 км қисмидан тошиб ўтиб, шағал қопламасини қисман ювган. Термиз минтақавий темир йўл узули УКнинг 200 нафар ишчи-хизматчилари, авария тиклаш поезди, 2 та автоюклагич, 1 та экскватор ёрдамида, 28 та вагонларда олиб келинган шағал темир йўлнинг зарар кўрган участкасига ётқизилиб, таъмирлаш ва тиклаш ишлари бажарилди ҳамда бугун, 22 март куни соат 07:00 да темир йўл ҳаракати тўлиқ тикланди.
Айни вақтда “Элобод” маҳалласи ички кўчалари, йўллар ва бошқа жойларни лойқадан тозалаш ишлари амалга оширилмоқда. Тезкор тадбирларга 462 нафар ходим, 7 та техника, 11 та мотопомпа, 24 та мухандислик техникалари жалб қилинган.
Юзага келган сув тошқинлари оқибатида жароҳат олганлар йўқ.
Ҳолат шахсан вилоят ҳокимининг назоратига олинган бўлиб, кечанинг ўзида ҳодиса жойига вилоят ҳокимининг ўринбосарлари, ФВВ вакили, ФВБ, ИИБ, МГБ бошлиқлари, туман ҳокимлиги, сектор раҳбарлари, корхона ва ташкилот мутасаддилари етиб боришган ҳамда тошқинга қарши вилоят тезкор штаби тузилган. Ҳозирда тезкор штаб томонидан ҳодиса оқибатларини ўрганиш, етказилган талофатларни бартараф этиш, аҳолига кўмак бериш чоралари ко'рилмоқда. Амалга оширилган ишлар юзасидан вилоят раҳбарига ахборот бериб борилмоқда.
Бундан ташқари, вилоятнинг Шўрчи, Шеробод ва Бандихон туманларининг айрим маҳаллаларида ҳам кўп миқдорда ёмғир ёғиш ҳодисалари содир бўлган бўлиб, ёмғир сувлари ҳудудлардан оқиб ўтувчи сел йўллари орқали хавфсиз оқиб ўтган. Ушбу ҳудудлардан талофатлар тўғрисида маълумотлар келиб тушмаган.
-
Манзил :Термиз шаҳар, Ат-Термизий, 1-А уй. Жамот транспортлари: 2,4,8,222,17,13,5
-
Телефон :+998 (76) 224-02-89, 1088 Antikorrupsiya +99876-228-0190-2012
-
E-mail:gov@surxondaryo.uz