Татаристон раҳбари Термиз туманида ишлаб чиқариш корхонаси ва логистика маркази фаолияти билан танишди
Татаристон Республикаси Раиси Рустам Минниханов раҳбарлигидаги делегация вилоятимизга ташрифини давом эттирмоқда. Меҳмонлар Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов ҳамроҳлигида Термиз туманида жойлашган “Termiz National Carpets” МЧЖнинг гилам маҳсулотлари ишлаб чиқариш корхонаси фаолияти билан танишишди.
Умумий қиймати 236 млрд сўм бўлган мазкур корхона томонидан йилига 2,2 млн квадрат метр гилам маҳсулотлари ишлаб чиқарилади. Маҳсулотларнинг 55 фоизи ички бозорга, 45 фоизи қўшни давлатларга, хусусан, Афғонистон, Тожикистон ва Қирғизистонга экспорт қилинмоқда. Татаристон раҳбарига ишлаб чиқариш жараёнлари ҳамда тайёр маҳсулотлар таништирилди.
Шундан сўнг, Татаристон делегацияси Россиянинг “ЛЕТО” корхонаси таъсисчилигидаги "TERMIZ AGRO IMPEX" МЧЖ хорижий корхонаси томонидан ташкил этилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш, сақлаш, саралаш ва экспортга йўналтирувчи логистика маркази фаолияти билан танишишди.
Умумий майдони 10 гектар бўлган марказда 3 гектар иссиқхона, 4 гектар очиқ майдонлар ҳамда 3 минг метр квадрат музлатгичли омборхона ташкил этилган. Иссиқхона ва очиқ майдонларда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, хусусан, брокколи, карам, кўкатлар, розмарин, помидор ва бодринг етиштирилади. Логистика маркази жорий йил якунига қадар 2,5 млн долларлик маҳсулотни экспорт қилишни режалаштирган.
Маҳсулот етиштириш, сақлаш ва экспортга тайёрлаш жараёнлари Татаристон раҳбарида катта қизиқиш уйғотди ҳамда вазирлари ва масъулларига воҳамиз тадбиркорлари билан ҳамкорликда ушбу йўналишдаги лойиҳаларни амалга ошириш бўйича вазифаларни топширди. Икки томон вакиллари ҳам ўзаро ҳамкорликдан манфаатдор эканликларини қайд этишди.
-
Манзил :Термиз шаҳар, Ат-Термизий, 1-А уй. Жамот транспортлари: 2,4,8,222,17,13,5
-
Телефон :+998 (76) 224-02-89, 1088 Antikorrupsiya +99876-228-0190-2012
-
E-mail:gov@surxondaryo.uz