Президент топшириғи ижроси: Сурхондарёда "чиқинди полигон"лари атрофида ўн қаторли "яшил белбоғ"лар яратилмоқда

Куни-кеча Президентимиз раислигида “Яшил макон” лойиҳаси доирасида баҳорги экиш мавсумини ташкил қилиш ва чиқиндиларни бошқаришни такомиллаштириш юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида ҳудудларда бу борада амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар белгилаб берилган эди.

Бугун Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов мазкур топшириқлар ижросини таъминлаш, ҳудудларда амалга ошириладиган вазифаларни белгилаш ҳамда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида оммавий кўчат экиш тадбирига старт бериш мақсадида Бойсун туманига ташриф буюрди.

Дастлабки манзилида “Хўжабулғон” маҳалласида жойлашган мактаб, боғча ва тиббиёт маскани фаолияти билан танишди. “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида таълим ва тиббиёт масканларида дарахт ва гул кўчатлари экиш, ҳудудларини ободонлаштириш ишлари кўздан кечирилди. Шунингдек, маҳалла “еттилиги”нинг амалга оширган ишлари ва келгусидаги режалари юзасидан ахбороти тингланди.

Кейинги манзилда вилоят ҳокими “Бибиширин” маҳалласида жойлашган “чиқинди полигони” билан танишди. Давлатимиз раҳбарининг топшириғига асосан полигон атрофида “яшил белбоғ” яратиш мақсадида ўн қаторли дарахт кўчатлари экиш ишлари амалга оширилмоқда. Мутасаддиларга воҳадаги барча “чиқинди полигон”лари атрофида “яшил белбоғ” яратиш ишларини жадаллаштириш вазифаси топширилди.

Бойсун туманига ташриф “Бошработ” маҳалласида фаолият юритаётган “Эcо Продуcт” корхонасида давом этди. Вилоят раҳбари сут ва гўшт маҳсулотлари ишлаб чиқариш фаолиятини олиб борувчи мазкур корхонада иш жараёнлари, тайёр маҳсулотлар билан танишди. Тадбиркор билан суҳбатда лойиҳани кенгайтириш, ишлаб чиқариш ассортиментини ошириш бўйича тавсиялар берилди.

Шундан сўнг, тумандаги барча маҳалла, ижтимоий соҳа объектлари, корхона ва ташкилотларда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида оммавий кўчат экиш тадбирига старт берилди. Вилоят раҳбари ҳам кўчат экиш тадбирларида иштирок этди. Туман бўйича ўтказилган оммавий кўчат экиш тадбири доирасида бугуннинг ўзида 140 мингдан ортиқ мевали ва манзарали дарахт ҳамда гул кўчатлари, тут ва терак қаламчалари экилди.

Бу каби тадбирлар вилоятнинг барча шаҳар ва туманларида ўтказилган бўлиб, айни вақтга қадар 400 мингга яқин тут ва терак қаламчалари, 100 мингдан ортиқ мевали ва манзарали дарахт кўчатлари экилди. Тадбирлар давом этмоқда.

Вилоят раҳбари туманга ташрифи давомида “Бойсун баҳори” халқаро фолклор фестивали ўтказиладиган туризм комплексида олиб борилаётган ишлар билан ҳам танишди ва балиқ етиштириш фаолияти билан шуғулланувчи тадбиркорлар билан учрашув ўтказди. Бойсунда “фарел” балиғи етиштириш лойиҳасини амалга ошириш учун тадбиркорларга кўмак бериш бўйича мутасаддиларга вазифалар юкланди.

Изоҳ қолдириш

Сўровнома
Сурхондарё вилояти ҳокимлиг фаолиятини қандай бахолайсиз ?

Боғланиш
Сайт Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги, Ахборот коммуникация технологияларини ривожлантириш маркази мутахассислари томонидан яратилган.