Термиз шаҳрида оталар билан учрашув ўтказилди

Мактаб – таълим-тарбиянинг ўчоғи. Шу сабабли кейинги йилларда таълимга, хусусан, мактаб таълимига катта эътибор қаратилмоқда. Воҳамизда ҳам бу борада қатор ишлар амалга оширилаётган бўлиб, оталарнинг фарзанд таълим-тарбиясидаги масъулиятини ошириш мақсадида “Сурхондарё тажрибаси” сифатида “Оталар йиғилиши” ва “Оталар қабул кунлари” йўлга қўйилган.

Бугун Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов Термиз шаҳридаги 12-сонли мактабга ташриф буюриб, таълим-тарбия жараёнларининг бориши билан танишди. Вилоят раҳбари мактабда оталар билан ўтказилаётган китоб тарғиботи тадбирида ҳам иштирок этди. Тадбирда оталар ва нуронийлар ҳамда ўқитувчилар билан суҳбат қилинди.

Суҳбат давомида ёш авлоднинг таълим ва тарбиясидаги долзарб масалалар юзасидан фикр алмашилди. Фарзандларни илм ўрганишга қизиқтириш, таълимга жалб қилишда “мактаб-маҳалла-оила” ҳамкорлигини самарали йўлга қўйиш чора-тадбирлари белгилаб олинди. Шунингдек, мактабнинг истеъдодли ва иқтидорли ўқувчилар билан ҳам учрашув ўтказилди. Уларнинг эришган натижалари эътироф этилиб, ўқувчи ва ўқитувчилар тақдирланди.

Мактабда ташкил этилган яна бир тадбир, ўқувчилар ва уларнинг оталари иштирокидаги “Заковат” интеллектуал ўйинлари билан ҳам танишилди. Тадбирда иштирок этаётган айрим оталар шу вақтга қадар фарзандларининг таълимига беэътибор бўлиб келишганлигини, “Оталар йиғилиши” ва “Оталар қабули кунлари” ўтказилиши сабаб эндиликда таълим жараёнларининг ичига кириб, фарзандининг илм ўрганишига катта эътибор қаратишаётганини таъкидлашди ҳамда мактабда яратилган шароитлар учун ўз миннатдорчиликларини билдиришди.

Вилоят раҳбари ушбу таълим маскани мисолида шаҳарнинг барча мактабларида таълим жараёнларини сифатли ташкил этиш юзасидан вазифаларни белгилаб берди.

 

Изоҳ қолдириш

Сўровнома
Сурхондарё вилояти ҳокимлиг фаолиятини қандай бахолайсиз ?

Боғланиш
Сайт Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги, Ахборот коммуникация технологияларини ривожлантириш маркази мутахассислари томонидан яратилган.