Венгрияга ташриф: Иккинчи кун музокараларда 47 млн долларлик шартномалар имзоланди
Хабар берганимиздек, Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов раҳбарлигидаги делегациямиз Венгрия давлатида амалий ташриф билан бўлиб турибди. Кеча ташрифнинг иккинчи кунида Чонград-Чанад вилоятининг маъмурий маркази бўлган Сегед шаҳрида қатор учрашув ва тадбирлар бўлиб ўтди.
Хусусан, Чонград-Чанад вилояти ҳокимлигида учрашув ўтказилди ва Сегед университети ҳамда “Bonafarm” компаниясининг чорвачилик фермаси ва сутни қайта ишлаш корхонаси фаолияти билан танишилди. Икки ҳудуд тадбиркорлари иштирокида ўзаро ҳамкорликда қатор лойиҳаларни амалга ошириш масалаларида музокаралар ўтказилди.
Учрашув ва музокаралар якунида келишувларга эришилди ҳамда ҳамкорлик меморандумлари ва шартномалар имзоланди. Хусусан, “ArchEnerg Cluster” кластери билан қуёш энергияси ва геотермал энергиядан фойдаланиш, биомассани қайта ишлаш, Сегед университети ва "Young Adults" МЧЖ ўртасида IT соҳасида мутахассисларни қайта тайёрлаш, “Bonafarm” компанияси ва “Помир Агрокластер” МЧЖ ўртасида зотдор чорва молларини етказиш, сутни қайта ишлаш ва мутахассислар кўникмаларини ошириш, “ECO Engineering” МЧЖ билан паррандачилик комплекси лойиҳасини қуриш, “DOPPELMAYR” компанияси ва “Денов олтин дон” МЧЖ ўртасида дор йўли лойиҳасини амалга ошириш бўйича келишувларга эришилди.
Шунингдек, Жарқўрғон тумани ва Сегед шаҳри ўртасида ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича меморандум имзоланди.
Делегациямизнинг Венгрияга ташрифи бугун Будапешт шаҳрида давом этади.
-
Манзил :Термиз шаҳар, Ат-Термизий, 1-А уй. Жамот транспортлари: 2,4,8,222,17,13,5
-
Телефон :+998 (76) 224-02-89, 1088 Antikorrupsiya +99876-228-0190-2012
-
E-mail:gov@surxondaryo.uz