Семинар: Сурхондарё вилоятида “Сайхунобод тажрибаси” амалда
Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 14 март куни Сирдарё вилоятига ташрифида бутун республикамиз бўйлаб “Сайхунобод тажрибаси” асосида аҳолини томорқадан самарали фойдаланишга ўргатиш, бандлигини таъминлаш, даромадларини ошириш, камбағалликни қисқартириш ишларини жорий этиш топширилган эди. Бу борада Сурхондарё вилоятида ҳам тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Бугун Ўзбекистон Республикаси Президентининг иқтисодий ривожланиш масалалари бўйича маслаҳатчиси Равшан Гулямов ва вилоят ҳокими Улуғбек Қосимов раҳбарлигида Сурхондарё вилоятида “Сайхунобод тажрибаси”ни жорий этиш юзасидан семинар ўтказилди.
Семинар аввалида меҳмонлар “Тинчлик ёшлар тадбиркорлик ва саноат зонаси” фаолияти, бу ерда ёшларга ўз тадбиркорлигини йўлга қўйиш учун яратилган шароитлар билан танишишди. Хусусан, янги бизнес лойиҳалар учун ускуна ва жиҳозлар кўргазмаси намойиш этилди.
Шундан сўнг, видеоселектор шаклида ўтказилган семинарда вилоят, шаҳар ва туманлар сектор раҳбарлари, бошқарма ва идоралар мутасаддилари ҳамда тадбиркорлар иштирок этишди. Аҳоли томорқа ер майдонларидан самарали фойдаланиш ва тадбикорликка жалб этиш орқали бандлигини таъминлаш, даромадларини ошириш бўйича қатор имкониятлар яратиб берилаётганлиги қайд этилди.
Хусусан, жорий йилдан бошлаб гаровсиз кредитларни олиш миқдори 100 млн сўмга оширилди, аҳолини тадбиркорлик кўникмаларига ўргатиш мақсадида махсус ўқишлар ташкил этилди. “Сайхунобод тажрибаси” асосида вилоятдаги барча маҳаллаларда ишлар ташкил этилганлиги таъкидланди.
Семинар якунида тадбиркорларнинг истиқболли лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш, кредит маблағлари ажратиш, аҳолининг томорқадан самарали фойдаланиши, чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик ва бошқа уй шароитида даромад олиш мумкин бўлган лойиҳалар учун кредит пакетлари билан таъминлаш бўйича вазифалар белгиланди. Бу борада яхши натижага эришган маҳаллалар, оилалар ҳамда тадбиркорлар тажрибаларини оммалаштириш лозимлиги қайд этилди.
-
Манзил :Термиз шаҳар, Ат-Термизий, 1-А уй. Жамот транспортлари: 2,4,8,222,17,13,5
-
Телефон :+998 (76) 224-02-89, 1088 Antikorrupsiya +99876-228-0190-2012
-
E-mail:gov@surxondaryo.uz