Қизириқда “Сайхунобод тажрибаси”ни жорий этиш ишлари билан танишилди

Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов “Сайхунобод тажрибаси” асосида аҳоли бандлигини таъминлаш, томорқадан самарали фойдаланиш тажрибасини оммалаштириш, даромадларини ошириш тадбирларининг бориши, шунингдек, янги лойиҳалар тақдимоти билан танишиш мақсадида Қизириқ туманига ташриф буюрди.

Ташриф давомида тумандаги Такия ва Заробод маҳаллаларидаги аҳоли хонадонларида бўлинди. Хусусан, Такия маҳалласида яшовчи Жовли Алмардоновнинг томорқадан фойдаланиш, чорвачилик ва паррандачилик фаолияти билан танишилди. Мутасаддиларга ҳар бир маҳаллада намунали хонадонларни танлаб олиб, уларнинг тажрибасини оммалаштириш топширилди.

Шунингдек, Такия маҳалласида зиёратгоҳ ва қабристонни ободонлаштириш ҳолати кўздан кечирилиб, ҳудудни тартибга келтириш, ташриф буюрувчилар учун шароит яратиш бўйича топшириқлар берилди. “Такия ота” қабри зиёрат қилиниб, ўтганлар ҳаққига Қуръон тилават қилинди.

Шундан сўнг, вилоят раҳбари Заробод маҳалласида “еттилик” фаолияти ва келгусидаги режалари юзасидан ҳисоботини тинглади ҳамда маҳалла гузарида ташкил этилган микромарказда йўлга қўйилган лойиҳалар билан танишди. Бу ерда тикувчилик, қандолатчилик каби ўқув марказлари ташкил этилган бўлиб, хотин-қизлар бандлиги таъминланган.

Маҳаллага ташрифи давомида вилоят раҳбари Анвар Файзуллаев хонадонида чорвачилик, паррандачилик ва иссиқхоначилик тажрибаси ҳамда Турсуной Пардаева хонадонида ташкил этилган “Аслбек Экспресс” биолаборатория фаолияти билан ҳам танишди. Ушбу хонадонлар эгаларининг меҳнаткашлиги, ўз ҳаракати билан бошқаларни ҳам ишли қилаётганлиги учун миннатдорчилик билдирилди. Масъулларга барча хонадонларда “Сайхунобод тажрибаси”ни жорий этиш вазифаси юкланди.

Ташриф якунида Заробод маҳалласи ҳудудидаги бўш ер майдонида 30 нафар ишсиз фуқаронинг бандлигини таъминлаш мақсадида қурилаётган 2 сотихли иссиқхоналар тақдимоти билан танишилди. Масъуллар ҳамда ушбу йўналишда тажрибага эга маҳалла ҳоким ёрдамчиларининг таклифлари тингланди. Вилоят раҳбари Президентимиз ташаббуси билан амалга оширилаётган ушбу лойиҳаларни воҳамиз бўйлаб тизимли ва сифатли амалга ошириш бўйича вазифаларни белгилаб берди.

Изоҳ қолдириш

Сўровнома
Сурхондарё вилояти ҳокимлиг фаолиятини қандай бахолайсиз ?

Боғланиш
Сайт Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги, Ахборот коммуникация технологияларини ривожлантириш маркази мутахассислари томонидан яратилган.