Термиз шаҳри ва Ангор туманида амалга оширилаётган лойиҳалар билан танишилди

Бугун вилоят ҳокими Улуғбек Қосимов ҳафталик иш режасига мувофиқ Термиз шаҳри ва Ангор туманидаги йирик инвестиция лойиҳалари қурилиши ҳамда корхоналардаги ишлаб чиқариш жараёнлари билан танишди.

Дастлаб, ҳудудларга ташриф аввалида Термиз шаҳридаги “Тинчлик саноат зонаси”да фаолият олиб бораётган тадбиркорларга кредит ажратиш, лойиҳаларни ишга тушириш ҳамда янги иш ўринлари яратиш борасида тижорат банклари томонидан амалга оширилаётган ишлар таҳлил қилинди. Ишлар талаб даражасида эмаслиги, масъулларнинг фаолияти қониқарсизлиги қайд этилиб, топшириқлар ижроси сифатли ташкил этилмаётганлиги танқид қилинди.

Шунингдек, вилоятдаги мавжуд конлар, геология қидирув ишлари ҳамда халқаро молия ташкилотлари томонидан амалга оширилаётган лойиҳаларнинг бориши юзасидан тақдимотлар кўриб чиқилди. Вилоят раҳбари учта тақдимот билан ҳам танишиб, масъулларга тавсия ва кўрсатмаларни берди. Ҳар бир йўналиш бўйича ишларни жонлантириш, лойиҳаларнинг бориши юзасидан ахборот киритиб бориш вазифаси топширилди.

Шундан сўнг, вилоят раҳбари Ангор туманида “Stone City Energe B.V” компанияси томонидан 1500-1600 МВт қувватга эга бўлган иссиқлик электр станцияси қурилиши билан танишди. Хорижий компания мутахассислари ва инвесторлар билан амалга оширилаётган ишлар ҳамда келгусидаги вазифалар юзасидан суҳбат қилинди. Умумий қиймати 1,23 млрд евро бўлган ушбу лойиҳани амалга оширишда Германия, Франция, Қатар ва Нидерландия каби давлатлар компанияларининг ҳамда турли халқаро банк ва жамғармаларнинг инвестиция маблағлари жалб қилинган.

Лойиҳа қурилиши жараёнига 2 мингга яқин маҳаллий аҳоли ишга жалб қилинади. Ҳозирда маъмурий бино, ишчилар учун ётоқхона ва ошхона қурилиши бошланган. ИЭС тўлиқ ишга тушгач йилига 12,96 млн МВт электр энергияси ишлаб чиқарилади.

Ангор туманидаги ташрифнинг кейинги манзили “Дурдона Асила Ангор” МЧЖнинг полиэтилен пакетлар ишлаб чиқариш лойиҳаси бўлди. Қиймати 500 млн сўм бўлган, 2 сотих майдонда жойлашган корхонада йилига 800 тонна маҳсулот ишлаб чиқарилади ҳамда 10 та доимий иш ўрни яратилган. Вилоят раҳбари масъулларга тадбиркорга кўмак кўрсатиб, лойиҳани кенгайтириш ташаббусини қўллаб-қувватлаш, имтиёзли кредит маблағлари ажратиш чораларини кўриш бўйича вазифаларни белгилаб берди.

Туманга ташриф якунида “Тановар Сурхон” МЧЖ хорижий корхонаси томонидан 13,5 гектар майдонда ташкил этилган иссиқхона фаолияти билан танишилди. Вилоят раҳбари танишув давомида тадбиркорлар билан суҳбатлашиб, маҳсулот етиштириш ҳажми ва экспортини ошириш, қўшимча иш ўринлари яратиш бўйича тавсияларини берди.

Изоҳ қолдириш

Сўровнома
Сурхондарё вилояти ҳокимлиг фаолиятини қандай бахолайсиз ?

Боғланиш
Сайт Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги, Ахборот коммуникация технологияларини ривожлантириш маркази мутахассислари томонидан яратилган.