Қумқўрғонда маданий мерос объектлари ҳамда аҳоли бандлигини таъминлаш тадбирлари билан танишилди

Бугун вилоят ҳокими Улуғбек Қосимов ҳафталик иш режасига мувофиқ туризм соҳаси ва аҳоли бандлигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар билан танишиш мақсадида Қумқўрғон туманига ташриф буюрди.

Дастлаб, тарихий обидалар, хусусан, Қўрғонча археология ёдгорлиги, “Хўжа Мирсаид ота” жоме масжиди ҳамда халқ тилида Искандаркўприк номи билан аталувчи Ғишткўприк архитектура ёдгорлиги билан танишилди. Тарихчи олимлар ушбу ёдгорликлар яратилиши, нечинчи асрларга оидлиги, жумладан, Ғишткўприк ёдгорлиги XVI асрда Абдуллохон даврида қурилгани, у ўз даврида "Буюк Ипак йўли"да савдо-сотиқ алоқаларини боғлашда муҳим аҳамиятга эга бўлганлиги ҳақида маълумотлар беришди.

Ёдгорликларни асраш, уларнинг асл ҳолатини сақлаш, тадқиқ қилган ҳолда тарихини ўрганиб, ёш авлодга етказиш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш лозимлиги таъкидланди.

Шундан сўнг, вилоят раҳбари Жийдали маҳалласида аҳоли бандлигини таъминлаш, даромадларини ошириш, камбағалликни қисқартириш борасида “Сайхунобод тажрибаси”ни жорий этиш ишлари билан танишди. Аҳоли хонадонлари, жумладан, Боймурод ва Юсуф Холмўминовларнинг яшаш уйларида ташкил этилган сутни қайта ишлаш цехи лойиҳалари билан танишилди.

Шунингдек, ушбу маҳаллада яшовчи ишсиз, кам даромадли оила ҳисобланган Зубайда Пардаевага ўзини ўзи банд қилиш, оилавий даромадларини ошириш ва ижтимоий ҳолатини яхшилаш мақсадида субсидия асосида берилган қандолатчилик ускуналаридан фойдаланиш ҳамда имтиёзли кредит пакети ҳисобига олинган парранда ва қорамолларни парваришлар фаолияти билан танишилди.

Кейинги манзилда, Боғаро маҳалласида хотин-қизлар фаоли томонидан аёллар бандлигини таъминлаш мақсадида амалга оширилаётган ишлар тақдимоти билан танишилди. Президентимизнинг «Кичик бизнесни ривожлантиришни молиявий ва институционал қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори асосида имтиёзли кредит маблағлари эвазига йўлга қўйилган гулчилик, тикувчилик, ҳунармандчилик ва касаначилик лойиҳалари кўздан кечирилди.

Ишлар намунали ташкил этилганлиги қайд этилиб, ажратилаётган имтиёзли кредитлар, давлат томонидан берилаётган субсидиялардан мақсадли фойдаланиш, янги иш ўринлари яратилишини таъминлаш устувор вазифа эканлиги қайд этилди.

Туманга ташриф якунида Янги шаҳар маҳалласида жойлашган “Жозиба мебел” хусусий корхонасининг мебель ишлаб чиқариш фаолияти кўздан кечирилди. Материалларга ишлов беришдан тайёр маҳсулотгача бўлган ишларни амалга оширилаётган корхона фаолияти эътироф этилди. Бу каби лойиҳаларни йўлга қўйиш, иш ўринлари яратиш муҳимлиги таъкидланиб, масъулларга қатор вазифалар белгилаб берилди.

Изоҳ қолдириш

Сўровнома
Сурхондарё вилояти ҳокимлиг фаолиятини қандай бахолайсиз ?

Боғланиш
Сайт Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги, Ахборот коммуникация технологияларини ривожлантириш маркази мутахассислари томонидан яратилган.