Термиз ва Жарқўрғон туманларида ижтимоий соҳадаги ишлар ўрганилди

Бугун вилоят ҳокимининг ҳафталик иш режасида ёшлар сиёсати ва ижтимоий соҳада амалга оширилаётган ишлар, белгиланган топшириқлар ижроси ҳамда тизим ташкилотлари фаолияти билан танишиш белгиланган.

Шу мақсадда Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов Термиз ва Жарқўрғон туманларида бўлди. Дастлаб, Термиз тумани ҳудудида ташкил этилган, 1 000 ўринли вилоят юқумли касалликлар шифохонасида яратилган шароитлар билан танишилди. Вилоят раҳбари ҳудуд атрофида инфратузилмани яхшилаш ҳамда коммунал тармоқларнинг узлуксизлигини таъминлаш бўйича вазифаларни белгилаб берди.

Шундан сўнг, вилоят раҳбари ташрифини Жарқўрғон туманида давом эттириб, спортнинг оммавийлигини таъминлаш, ёшларни спортга жалб қилиш борасида амалга оширилаётган ишлар билан танишиш мақсадида туман Спорт мактабида бўлди. Ёш спортчилар билан суҳбат қилиниб, мураббийларга спорт билан шуғулланувчиларни кўпайтириш, селекция ишларини жадаллаштириб, чемпионларни етиштириш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш, масъулларга спорт мактабидаги шароитларни яхшилаш, хусусан, футбол майдонини текислаб, замон талабларига жавоб берадиган ҳолатга келтириш топширилди.

Кейинги манзилда Меҳнат роҳат маҳалласида 200 дан ортиқ ёшларни дзюдо спорт тури билан шуғуллантириб келаётган Ўзбекистон дзюдо федерациясининг вилоят бўлимига қарашли дзюдо секцияси фаолияти билан танишилди. Хусусий тўгарак бўлган спорт секциясида ёш спортчиларни тайёрлаш, чемпионларни етиштириш борасида яхши ишлар амалга оширилаётганлиги қайд этилди.

Шунингдек, ушбу маҳаллада саҳоватпеша тадбиркор ўз маблағлари эвазига қурган маҳалла идораси, тикувчилик цехи ва бошқа маиший хизмат нуқталарини ўз ичига олган гузар фойдаланишга топширилди. Вилоят раҳбари тадбиркорга ўз миннатдорчилигини билдирди.

Шундан сўнг, туманнинг Қорақурсоқ маҳалласи бўйлаб, мавжуд шароитлар кўздан кечирилди. Инфратузилмани ривожлантириш, йўлларни таъмирлаш, ободонлаштириш ва чиқиндиларни олиб чиқиш, электр энергияси ва ичимлик суви таъминотини яхшилаш ишларини қисқа муддатда бошлаш бўйича вазифалар белгилаб берилди.

Шунингдек, Ёшлар ишлари агентлиги вилоят бошқармаси ва алоқадор масъулларнинг воҳамизда ёшлар ўртасида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, уларни Ватанпарварлик руҳида тарбиялаш бўйича амалга оширилаётган ишлар тақдимоти билан танишилди. Хусусан, профилактик ҳисобда турган, пробация назоратига олинган, “Оғир тоифадаги” ёшлар билан манзилли ишлаш, Ёшлар бандлиги дастури, Беш ташаббус олимпиадаси ҳамда истеъдодли ўғил-қизларни қўллаб-қувватлаш, ёшларни интеллектуал жиҳатдан салоҳиятларини ривожлантириш борасидаги чора-тадбирлар ижроси юзасидан ахборот берилди.

Белгилаб берилган топшириқларга қарамай айрим ҳолларда бу борадаги ишлар талаб даражасида йўлга қўйилмаётганлиги қайд этилди. Ёшлар билан манзилли ишлаш фаолият соҳасидан қатъий назар барча раҳбарларнинг асосий вазифаси эканлиги таъкидланди.

Шундан сўнг, вилоят раҳбари Хўжақишлоқ маҳалласидаги 26-сонли мактабгача таълим ташкилотидаги шароитлар билан танишди. Боғча таъмирталаб ҳолатдалиги, зарур шароитларни яратиш бўйича етарли чора-тадбирлар кўрилмаганлиги танқид қилинди. Туман раҳбарларига боғчани таъмирлаш бўйича лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш топшириғи берилди. Вилоят маҳаллий бюджетидан қурилиш материалларини харид қилиш ва қисқа муддатда таъмирлаш ишларини бошлаш лозимлиги белгиланди.

Ташриф якунида Қораёнтоқ маҳалласида бунёд этилаётган “Янги Ўзбекистон” массивида қурилиш-таъмирлаш ишларининг бориши ҳамда аввалги ташрифларда берилган топшириқлар ижроси ўрганилди. Масъулларга қурилиш нормаларига қатъий риоя этган ҳолда ишларни белгиланган муддатларда амалга ошириш вазифаси топширилди.

Изоҳ қолдириш

Сўровнома
Сурхондарё вилояти ҳокимлиг фаолиятини қандай бахолайсиз ?

Боғланиш
Сайт Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги, Ахборот коммуникация технологияларини ривожлантириш маркази мутахассислари томонидан яратилган.