Сариосиёда корхоналар фаолияти, лойиҳалар тақдимоти билан танишилди

Бугун Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов Сариосиё туманида амалга оширилаётган лойиҳалар, янги ташаббуслар тақдимотлари, яратилаётган иш ўринлари, корхоналар фаолияти ҳамда аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш борасидаги ишлар билан танишди.

Ташриф аввалида “Сурайё олтин мева боғлари” фермер хўжалиги томонидан ташкил этилган замонавий иссиқхона фаолияти билан танишилди. Умумий майдони 2,9 гектар бўлган иссиқхонада помидор, тарвуз, бодринг, лимон ва қулупнай етиштириш йўлга қўйилган. Вилоят раҳбари иссиқхонани иситиш тизимида энергия тежамкор технологиялар қўлланилган ва ҳудуддаги кўплаб ишсиз фуқаролар бандлиги таъминланган лойиҳани оммалаштириш юзасидан мутасаддиларга кўрсатмалар берди.

Шундан сўнг, Себзор маҳалласида “Сайхунобод” тажрибаси асосида амалга оширилаётган ишлар, жумладан, мавжуд имкониятларни ишга солган ҳолда ташкил этилган балиқчилик лойиҳалари кўздан кечирилди. Балиқчиликни ривожлантириш учун зарур шароитлар мавжудлигини инобатга олиб, иқтисодий комплекс масъулларига ҳудудда 40 та балиқчилик лойиҳасини йўлга қўйиб, аҳоли бандлигини таъминлаш топширилди. Шунингдек, маҳалладаги хонадонларда чорвачилик, асаларичилик, паррандачилик ҳамда томорқадан самарали фойдаланиш ҳолати кўздан кечирилди.

Вилоят раҳбари кейинги манзилларда “Ҳабиб Эрманий” фермер хўжалигининг сутни қайта ишлаш корхонаси, “Одил-Хол” хусусий корхонасининг мебель маҳсулотлари ишлаб чиқариш цехи фаолияти билан танишди. Тадбиркорлар билан суҳбат қилиниб, лойиҳаларни кенгайтириш, қўшимча иш ўринлари яратиш юзасидан тавсиялар берилди. Вилоят раҳбари бунинг учун зарур кўмакларни кўрсатишга тайёрлигини билдирди. Шунингдек, "Тўполон" сув тозалаш иншооти фаолияти ҳам кўздан кечирилди.

Кейинги манзилда Тожикистон давлати билан чегара ҳудудда эркин иқтисодий зона ташкил этиш учун танлаб олинган майдон кўздан кечирилди ҳамда мутасаддиларга лойиҳа тақдимотларини ишлаб чиқишда инобатга олиниши лозим бўлган жиҳатлар кўрсатиб ўтилди.

Ташриф якунида тумандаги бўш бинолардан самарали фойдаланиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар билан танишилиб, объектларни аукцион савдоларига чиқариш, самарадорлиги юқори бўлган, доимий иш ўринлари яратиладиган лойиҳаларни амалга ошириш лозимлиги қайд этилди.

Изоҳ қолдириш

Сўровнома
Сурхондарё вилояти ҳокимлиг фаолиятини қандай бахолайсиз ?

Боғланиш
Сайт Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги, Ахборот коммуникация технологияларини ривожлантириш маркази мутахассислари томонидан яратилган.