Қумқўрғонда экотуризм лойиҳалари тақдимоти ҳамда хотин-қизлар бандлиги ўрганилди
Вилоят ҳокимининг ҳафталик иш режасида жума кунлари туризм, маданият, спорт ва ахборот коммуникациялари соҳаси ҳамда хотин-қизлар масалалари билан ишлаш, ҳудудларда бу борада амалга оширилаётган ишлар билан танишиш, келгусидаги вазифаларни белгилаш режалаштирилган.
Бугун шу мақсадда Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов Қумқўрғон туманига ташриф буюрди. Дастлаб, туманда жойлашган “Сурхон” сув омборида воҳамиздаги мавжуд сув омборлари, ўрмон хўжаликлари ва давлат қўриқхоналари ҳудудида экотуризмни ривожлантириш бўйича ташаббускорлар билан учрашув ўтказилди.
Учрашувда мазкур ҳудудларда амалга ошириладиган экотуризм лойиҳалар, уларнинг иқтисодий самарадорлиги ва кутилаётган натижалар юзасидан тадбиркорлар томонидан тақдимот қилинди. Вилоят раҳбари тақдимотлар билан танишиб, экотуризм салоҳияти юқори бўлган воҳамизда истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш учун барча имкониятлар мавжудлигини қайд этди. Масъулларга ишлаб чиқилган лойиҳаларни такомиллаштириш, уларни амалга ошириш учун ҳудудларда инфратузилмани яратиш вазифаси топширилди.
Шундан сўнг, вилоят раҳбари “Тўмарис” тўйхонасида лидер тадбиркор аёллар ва уларнинг оналари иштирокида ташкил этилган учрашувда қатнашди. Давлат ва жамият ривожига ҳисса қўшаётган, иқтисодиётимиз таянчи бўлиб, иш ўринлари яратаётган аёл тадбиркорларга миннатдорчилик билдирилди ҳамда уларга вилоят ҳокимлигининг совғалари топширилди. Лидер тадбиркор аёллардан ёшларни ҳам тадбиркорликка ўргатиб, сафларини кенгайтириш сўралди.
Кейинги манзилда вилоят раҳбари “Машҳура” ўқув марказида хотин-қизларни тадбиркорлик ва касб-ҳунарга ўқитиш борасида амалга оширилаётган ишлар билан танишилди. Хотин-қизлар бандлигини таъминлаш учун иш ўринлари мавжуд бўлган касблар, хусусан, тикувчилик, уй ҳамширалиги, қандолатчилик каби йўналишларда ўқитиш зарурлиги таъкидланди. Ўқув маркази фаолиятини кенгайтириш бўйича тадбиркорга тавсиялар, масъулларга яқиндан кўмак кўрсатиш топшириғи берилди.
Ташриф давомида туман ҳокимлиги биносида вилоятда жиноятчиликни жиловлаш, криминоген вазият барқарорлигини таъминлаш ва маҳаллаларда хавфсиз муҳитни яратиш, шунингдек, аҳоли кайфиятига салбий таъсир қилувчи муаммоларни ўрганиш ва ҳал этиш масалалари муҳокама қилинди. Бу борада амалга оширилаётган чора-тадбирлар юзасидан мутасаддиларнинг ахборотлари тингланди.
Масъулларга ҳудудларда белгилаб берилган чора-тадбирлар ижросини сифатли таъминлаш, аҳолини қийнаб келаётган муаммоларни ҳал этиш ҳамда жойларда инфратузилмани яхшилаш бўйича вазифалар белгилаб берилди.
Шунингдек, ташриф давомида ғалла ўрим-йиғими тадбирларининг бориши билан ҳам танишилиб, секторлар ва отряд раҳбарларининг ҳисоботлари эшитилди. Мавсумни уюшқоқлик билан сифатли ташкил этиш, ғалла ҳосилини нес-нобуд қилмасдан йиғиштириб олиш юзасидан масъулларга вазифалар юкланди.
-
Манзил :Термиз шаҳар, Ат-Термизий, 1-А уй. Жамот транспортлари: 2,4,8,222,17,13,5
-
Телефон :+998 (76) 224-02-89, 1088 Antikorrupsiya +99876-228-0190-2012
-
E-mail:gov@surxondaryo.uz