Вилоят ҳокимининг ёшлар етакчилари билан учрашуви бўлиб ўтди
Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов Жарқўрғон туманига ташрифи давомида “Какайди” кўрғонидаги ҳарбий қисмда ташкил этилган “Маънавият сектори” фаолияти билан танишди. Шунингдек, ҳарбий қисмнинг фаоллар залида вилоятдаги барча маҳаллаларнинг Ёшлар етакчилари билан учрашув ўтказилди.
Ёшлар билан манзилли ишлаш, уларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш, “еттилик”нинг қолган аъзолари билан ҳамкорликда ишсиз ёшларнинг бандлигини таъминлаш борасида Ёшлар етакчилари томонидан амалга оширилаётган ишлар таҳлил қилинди. Тизимда эришилган натижалар билан бирга камчиликларга йўл қўйилганлиги, айрим ҳудудларда ёшлар билан ишлаш етарли даражада ташкил этилмаётганлиги қайд этилди.
Бу борада мутасаддиларга қатор вазифалар белгилаб берилди ҳамда шаҳар ва туманлар ҳокимларининг соҳага масъул ўринбосарлари ва Ёшлар ишлари агентлиги бошқармаси ҳамда бўлим бошлиқларига Ёшлар етакчиларининг ишини самарали ташкил этиш топширилди. Учрашув якунида фаолиятида яхши натижаларга эришаётган, ёшлар билан самарали ишлаётган етакчиларга ташаккурнома ва эсдалик совғалари топширилди.
Шундан сўнг, вилоят раҳбари Қорақурсоқ маҳалласида аввалги ташрифларда берилган топшириқлар ижросини ўрганди. Ҳудудда амалга оширилаётган ободонлаштириш ва инфратузилмани яхшилаш тадбирлари кўздан кечирилди. Шунингдек, ёшлар жиноятчилиги ва ҳуқуқбузарликлари профилактикаси бўйича масъулларнинг ахборотлари тингланди.
Ташриф якунида туманда бунёд этилаётган “Янги Ўзбекистон” массивида қурилиш ишларининг бориши кўздан кечирилиб, мутасаддиларга тегишли вазифалар белгилаб берилди.
-
Манзил :Термиз шаҳар, Ат-Термизий, 1-А уй. Жамот транспортлари: 2,4,8,222,17,13,5
-
Телефон :+998 (76) 224-02-89, 1088 Antikorrupsiya +99876-228-0190-2012
-
E-mail:gov@surxondaryo.uz