Шўрчида ишлаб чиқариш корхоналари фаолияти билан танишилди

Бугун Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов корхоналар фаолияти ва ишлаб чиқариш жараёнлари ҳамда янги иш ўринларини яратиш борасида амалга оширилаётган ишлар билан танишиш мақсадида Шўрчи туманига ташриф буюрди.

Ташриф дастурига мувофиқ дастлаб, туманнинг Бунёдкор маҳалласида жойлашган “Жайхун текстиль” МЧЖнинг текстил ва ип-калава ишлаб чиқариш фабрикаси фаолияти билан танишилди. Корхонада йилига 1,8 минг тонна ип-калава маҳсулотлари ишлаб чиқарилиб, 300 минг долларлик маҳсулот экспорт қилинади. Ҳозирда 120 нафар ишчи-ходимлар фаолият юритишади.

Шундан сўнг, Наврўз маҳалласидаги “Анвар-Аброр-Дилшодбек” хусусий корхонасида офис ва ошхона мебеллари ишлаб чиқариш жараёнлари билан танишилди. Корхонада 28 та иш ўрни яратилган бўлиб, уларнинг 4 тасига миграциядан қайтган фуқаролар ишга жойлаштирилган. Йилига 3 минг дона мебел маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи корхона фаолиятини янада кенгайтириш учун янги имкониятларни ишга солиш зарурлиги қайд этилди.

Кейинги манзилда “Саноат ва тадбиркорлик зоналари”да амалга оширилаётган лойиҳалар, хусусан, “Gold biznes trade” МЧЖнинг ун ва ун маҳсулотлари ишлаб чиқариш корхонаси фаолияти билан танишилди. Вилоят раҳбари тадбиркорнинг муаммоларини ҳал этиш, жумладан, фаолиятини кенгайтириш учун кредит маблағи ажратиш ҳамда канализация тармоғига улаш бўйича масъулларга вазифалар юклади.

Ташриф якунида туманнинг Боботоғ маҳалласида жойлашган “Жамшид” УЖБ хусусий корхонасида яхна ичимликлар ишлаб чиқариш жараёнлари кўздан кечирилди. Айни вақтда 20 нафар ишчи-ходимлар меҳнат қилаётган корхонада асосан, газланган ва газланмаган минерал сувлар ҳамда турли яхна ичимликлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилган.

Вилоят раҳбари тадбиркор билан ишлаб чиқариш жараёнлари ва тайёр маҳсулотларни кўздан кечириш чоғида корхона фаолиятини кенгайтириш ҳамда янги иш ўринлари яратиш бўйича тавсияларини берди. Мутасаддиларга фаолиятини ривожлантириш учун тадбиркорга яқиндан кўмак кўрсатиш вазифаси топширилди.

Изоҳ қолдириш

Сўровнома
Сурхондарё вилояти ҳокимлиг фаолиятини қандай бахолайсиз ?

Боғланиш
Сайт Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги, Ахборот коммуникация технологияларини ривожлантириш маркази мутахассислари томонидан яратилган.