Денов туманида йирик лойиҳалар ва ишлаб чиқариш корхоналари фаолияти билан танишилди

Бугун Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов амалга оширилаётган йирик лойиҳалар, ишлаб чиқариш корхоналари ва тиббиёт масканлари фаолияти ҳамда яратилаётган иш ўринлари билан танишиш мақсадида Денов туманига ташриф буюрди.

Ташрифнинг дастлабки манзилида Шамолли маҳалласида фаолият юритаётган “Сулола ҳамкор давр” МЧЖнинг яхна ичимликлар ишлаб чиқариш лойиҳаси билан танишилди. Қиймати 35 млрд сўмни ташкил этувчи корхонада йилига 113 минг литр яхна ичимликлар, минерал сувлар ишлаб чиқарилади. Айни вақтда корхонада 20 дан ортиқ иш ўринлари яратилган.

Вилоят раҳбари ишлаб чиқариш жараёнлари ҳамда тайёр маҳсулотларни кўздан кечириб, тадбиркорнинг тикувчилик цехи ташкил этиш лойиҳаси тақдимоти билан ҳам танишди. Мазкур лойиҳани касб-ҳунар мактабида ташкил этиш орқали ёшларга ҳунар ўргатиш билан бирга уларнинг бандлигини ҳам таъминлаш мумкинлиги таъкидланди. Масъулларга лойиҳани амалга оширишда яқиндан кўмак кўрсатиш вазифаси топширилди.

Шундан сўнг, Боғи эрам маҳалласидаги “Чорва таъминот кластер” МЧЖнинг чорвачилик комплексига ташриф буюрилди. Қиймати 12 млрд сўмлик лойиҳа доирасида 4 минг бош наслли молларни парваришлаш, йилига 3,5 минг тонна гўшт ва 3,6 минг тонна сут маҳсулотлари ишлаб чиқариш мақсад қилинган. Комплексга ташриф давомида хориждан келтирилган зотдор қорамолларни парваришлаш жараёнлари ҳамда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар кўздан кечирилди.

Шунингдек, шу ернинг ўзида йирик чорвачилик фермер хўжаликлари раҳбарлари билан учрашув ўтказилди. Уларнинг фаолиятларида дуч келаётган муаммолари, таклиф ва ташаббуслари тингланди. Хусусан, кредит ажратиш, гаров таъминоти, кадастр, инфратузилма билан таъминлаш каби муаммоларни ҳал этиш юзасидан чора-тадбирлар белгиланди.

Вилоят раҳбари воҳадаги йирик бозорларда чорвачилик фермер хўжаликларининг гўшт ва сут маҳсулотларини арзон нархларда сотишни йўлга қўйиш мақсадида повильонлар, алоҳида ярмарка расталари ташкил этиш лозимлигини таъкидлади.

Кейинги манзилда 2022 йилдан буён аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатиб келаётган “Azia-Denov” МЧЖнинг хусусий тиббиёт клинкаси фаолияти билан танишилди. Клиникадаги замонавий асбоб-ускуналар Германия давлатидан келтирилган бўлиб, касалликларни ташхислаш ҳамда даволаш ишлари яхши йўлга қўйилган. Вилоят раҳбари клиника фаолиятини янада такомиллаштириш учун энг малакали шифокорлар, хусусан, хорижлик мутахассисларни жалб қилиш лозимлигини таъкидлади.

Клиника фаолияти билан танишувдан сўнг тадбиркорларнинг хусусий мактаб фаолиятини йўлга қўйиш лойиҳаси тақдимоти билан танишилди. Вилоят раҳбари лойиҳани қўллаб-қувватлашини билдириб, масъулларга тадбиркорлар билан ишлаб, лойиҳаларни такомиллаштириш, ҳар томонлама пухта ишлаб чиқиб, қайта тақдимотга киритиш вазифасини юклади.

Вилоят ҳокими туманга ташрифи давомида “Jahon ideal tex” хусусий корхонаси томонидан ташкил этилган спорт кийимлари ишлаб чиқариш ва ип йигирув цехи фаолияти билан ҳам танишди. Тадбиркорнинг мавжуд муаммоларини тинглади. Хусусан, мутасаддиларга электр таъминоти билан боғлиқ муаммоларни ҳал этиш кўрсатмаси берилди. Шунингдек, лойиҳани кенгайтириш ва иш ўринлари сонини ошириш учун мавжуд имкониятларни ишга солиш зарурлиги қайд этилди.

Ташриф якунида вилоят раҳбари Денов ногиронлиги бўлган эркаклар мурувват уйида ҳам бўлиб, яратилган шароитлар билан танишилиб, озиқ-овқат маҳсулотлари топширилди.

Изоҳ қолдириш

Сўровнома
Сурхондарё вилояти ҳокимлиг фаолиятини қандай бахолайсиз ?

Боғланиш
Сайт Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги, Ахборот коммуникация технологияларини ривожлантириш маркази мутахассислари томонидан яратилган.