Жарқўрғонда саноат корхоналари фаолияти ҳамда янги лойиҳалар тақдимоти билан танишилди

Бугун Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов Жарқўрғон туманига ташриф буюриб, саноат ва қурилиш материаллари ишлаб чиқариш корхоналари фаолияти, йўлга қўйилаётган янги лойиҳалар ҳамда истиқболли ташаббуслар тақдимотлари билан танишди.

Ташрифнинг биринчи манзилида “Доктор-Махмуд мед” хусусий корхонаси томонидан ташкил этилаётган хусусий клиникада олиб борилаётган қурилиш-таъмирлаш ҳамда жиҳозлаш ишлари билан танишилди. Қиймати 3 млрд сўм бўлган клиника 10 минг қатновга мўлжалланган бўлиб, ишга тушгач 18 та иш ўрни яратилади.

Вилоят раҳбари тадбиркор билан суҳбатда мавжуд муаммоларни тинглаб, замонавий тиббий жиҳозлар хариди учун кредит ажратиш ҳамда электр таъминоти билан боғлиқ муаммоларни ҳал этиш бўйича масъулларга вазифалар юклади.

Шундан сўнг, "Janub meva sabzavot eksport" МЧЖнинг қиймати 80 млрд сўмлик юк ташиш техника хизматини ташкил этиш лойиҳаси фаолияти билан танишилди. Корхонада 100 та иш ўрни яратилган бўлиб, йилига 54 млрд сўмлик юк ташиш техникалари хизмати кўрсатиб келинмоқда. Шунингдек, шу ернинг ўзида тадбиркорнинг умумий қиймати 9 млрд сўмлик уч юлдузли меҳмонхона ташкил этиш лойиҳаси тақдимоти ҳам кўриб чиқилди.

Кейинги манзилда “Сурхонцемент инвест” МЧЖ хорижий корхонасида цемент ва бошқа турдаги қурилиш материаллари ишлаб чиқариш жараёнлари кўздан кечирилди. Шунингдек, аввалги ташрифларда корхона фаолиятини соғломлаштириш бўйича берилган топшириқлар ижроси ўрганилди. Ишлаб чиқариш жараёнлари билан танишув давомида масъуллар амалга оширилган ишлар юзасидан ахборот беришди.

Вилоят раҳбари туманга ташрифи давомида “Petromaruz Uzbekistan” МЧЖ хорижий корхонасининг нефт маҳсулотларини қайта ишлаш заводи фаолияти билан ҳам танишди. Ишлаб чиқариш жараёнларини кўздан кечирди. Лойиҳага 2019-2038 йиллар давомида 145,5 млн доллар хорижий инвестицияларни жалб қилиш режалаштирилган бўлиб, вилоят раҳбарига амалга оширилаётган ишлар, ишлаб чиқариш жараёнлари, маҳсулотлар турлари, бурғулаш ишлари олиб борилаётган қудуқлар ҳамда улардан олинадиган маҳсулотларни қайта ишлаш режалари юзасидан тақдимот қилинди.

Мутасаддилар ҳамда тадбиркорларга тегишли кўрсатма ва тавсиялар берилиб, ишлаб чиқариш жараёнларини модернизация қилиш ишларини изчил давом эттириш вазифалари белгилаб берилди.

Ташриф якунида вилоят раҳбари “Бунёдкор фидокор қурувчи сервис" МЧЖнинг иситиш котёллари, МДФ эшик ромлари ва юмшоқ мебеллар ишлаб чиқариш корхонаси фаолияти билан танишди. Шунингдек, ишлаб чиқарилиши йўлга қўйилган ташқи фасад материаллари кўздан кечирилди. Мутасаддиларга кейинги ҳафта қурувчилар ва соҳа масъуллари билан ўтказиладиган семинарда тадбиркор томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг тақдимотини ташкил этиш топширилди.

Изоҳ қолдириш

Сўровнома
Сурхондарё вилояти ҳокимлиг фаолиятини қандай бахолайсиз ?

Боғланиш
Сайт Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги, Ахборот коммуникация технологияларини ривожлантириш маркази мутахассислари томонидан яратилган.