Деновда хотин-қизлар бандлиги ва туризм лойиҳалари тақдимоти билан танишилди

Ҳафтанинг жума куни ҳудудларда хотин-қизлар бандлигини таъминлаш борасидаги ишлар, туризмни ривожлантириш чора-тадбирлари ҳамда янги лойиҳалар тақдимотлари билан танишиш, янги вазифаларни белгилаш режа қилинган. Шунга асосан, бугун Сурхондарё вилояти Улуғбек Қосимов Денов туманида бўлиб, ушбу йўналишларда амалга оширилаётган ишлар билан танишди.

Дастлаб, туман ҳудудидан оқиб ўтувчи Қизил сув дарёси ёқасини чиқиндилардан тозалаш ҳамда ободонлаштириш ишларининг бориши, шунингдек, ташкил этилиши режалаштирилган сайлгоҳ лойиҳалари кўриб чиқилди. Дарё бўйи ҳудудини ободонлаштириб, сайлгоҳ ташкил этиш билан бирга унинг муҳофаза этилишига ҳам эътибор қаратиш лозимлиги таъкидланди. Вилоят раҳбари ишларни жадаллаштириб, ҳудуд имкониятларидан самарали фойдаланган ҳолда аҳоли хордиқ оладиган маскан ташкил этиш вазифасини белгилаб берди.

Шундан сўнг, туманнинг Сина қишлоғини “Туризм қишлоғи”га айлантириш, туризмни ривожлантириш мақсадида туристик комплекс барпо этиш лойиҳалари тақдимоти билан танишилди. Синанинг ўзига хос табиати, иқлими ҳамда жойлашув рельефидан келиб чиққан ҳолда, дронлар ёрдамида олинган тасвирларни пухта кўриб чиқиб, лойиҳани такомиллаштириш лозимлиги қайд этилди. Вилоят раҳбари мутасаддиларга лойиҳа юзасидан тегишли тавсия ва кўрсатмаларни бериб, уни такомиллаштириш ҳамда қайта тақдимотга киритиш вазифасини юклади.

Кейинги манзилда хотин-қизлар бандлигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар билан танишилди. Хусусан, Қайтмас маҳалласида касаначилик асосида кўрпа-тўшак тайёрлаш фаолиятини йўлга қўйиб, хотин-қизлар бандлигини таъминлаётган, ёш қизларга касб сирларини ўргатаётган Дилрабо Тожиеванинг хонадонида бўлинди. Вилоят раҳбари тадбиркор билан суҳбатлашиб, фаолиятини кенгайтириш учун зарур ёрдамлар кўрсатилишини билдирди ҳамда туман ҳокимига тикувчилик дастгоҳлари етказиб бериш вазифасини топширди.

Шунингдек, ушбу маҳаллада яшовчи Марҳабо Мўминованинг яшаш хонадонида ташкил этган “Уй кутубхонаси” билан ҳам танишилди. Китобнинг келажак авлод тарбиясидаги роли, етук ва комил инсонларни тарбиялашдаги ўрнини яхши англаб, барчага ўрнак бўладиган ишга қўл ургани учун миннатдорчилик билдирилди ҳамда ушбу намуна асосида маҳаллаларда уй кутубхоналари ташкил этиш тажрибасини оммалаштириш лозимлиги қайд этилди.

Изоҳ қолдириш

Сўровнома
Сурхондарё вилояти ҳокимлиг фаолиятини қандай бахолайсиз ?

Боғланиш
Сайт Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги, Ахборот коммуникация технологияларини ривожлантириш маркази мутахассислари томонидан яратилган.