Олтинсойда ишлаб чиқариш корхоналари ва ёшлар инновацион зонаси фаолияти билан танишилди
Бугун Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов Олтинсой туманига ташриф буюриб, ишлаб чиқариш корхоналари, паррандачилик фабрикаси ҳамда ёшлар инновацион ишлаб чиқариш зонасида амалга оширилаётган лойиҳалар, уларда яратилган иш ўринлари ҳамда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар билан танишди.
Хусусан, дастлаб вилоят раҳбари туманнинг Оқарбулоқ маҳалласида жойлашган “Олтинсой янги тараққиёт” МЧЖнинг мебель ишлаб чиқариш корхонаси фаолияти билан танишди.
Лойиҳа қиймати 1,5 млрд сўмни ташкил этувчи корхонада 15 та доимий иш ўрни яратилган. Йилига 1,2 мингта мебел маҳсулотлари ишлаб чиқарилади. Вилоят раҳбари ишлаб чиқариш жараёнлари ҳамда тайёр маҳсулотлар турлари билан танишди. Шунингдек, лойиҳани кенгайтириш бўйича тақдимот билан танишди. Корхона фаолиятини кенгайтиришда импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқаришга эътибор қаратиш бўйича тавсиялар берилди.
Шундан сўнг, “Seeven planeet” МЧЖнинг паррандачилик комплекси фаолияти билан танишилди. Комплексда 20 минг бош парранда парвариш қилинади ва тухум ҳамда товуқ гўшти етиштирилади. Ҳозирда бу ерда 20 нафар ишчи-ходимлар меҳнат қилишади. Вилоят раҳбари озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда муҳим тармоқ бўлган паррандачиликни ривожлантириш бўйича қатор имтиёзлар берилаётганлигини қайд этиб, корхона фаолиятини кенгайтириш ҳамда иш ўринлари сонини ошириш бўйича ўзининг тавсия ва таклифларини берди. Тадбиркорга бу борада яқиндан кўмак кўрсатиш бўйича масъулларга вазифалар юкланди.
Вилоят раҳбари туманга ташрифи давомида “Ёшлар инновацион ишлаб чиқариш зонаси”да олийгоҳлар билан ташкил этилган ишлаб чиқариш лойиҳалари билан ҳам танишди. Хусусан, Термиз давлат университети билан ҳамкорликда ташкил этилган “Олтинсой авто буёқлари” МЧЖнинг полисульфид полимер бўёқлар, "Олтинсой базалт қувур" МЧЖнинг базальт минералидан компаундлар ва "HYDRO GEL" МЧЖнинг биопарчаланувчан гидрогеллар ишлаб чиқариш ҳамда Термиз муҳандислик-технология институти билан ҳамкорликда ташкил этилган “Хисори майн жун” МЧЖнинг майин жун олиш корхоналари фаолияти билан танишилди.
Ташаббускорлар ўз фаолиятлари ва ишлаб чиқараётган маҳсулотлари ҳақида ахборот беришди. Ишлаб чиқариш жараёнлари ва тайёр маҳсулотлар кўздан кечирилиб, олийгоҳлар ва корхоналар ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларини кенгайтириш, талабаларнинг бевосита ишлаб чиқариш корхоналарида амалиётларини ташкил этиш вазифалари белгилаб берилди.
-
Манзил :Термиз шаҳар, Ат-Термизий, 1-А уй. Жамот транспортлари: 2,4,8,222,17,13,5
-
Телефон :+998 (76) 224-02-89, 1088 Antikorrupsiya +99876-228-0190-2012
-
E-mail:gov@surxondaryo.uz