Тўра Боболов: “Сизларнинг турар-жой масалаларингизни ечишнинг барча чораларини кўраяпмиз”
Мамлакатимизда сўнгги йилларда давлат бошқаруви идоралари раҳбарларининг бевосита халқ ичига кириб, уларнинг дарду-ташвишларини тинглаётгани ва муаммоларини бартараф этишга кўмаклашаётгани “Кучли давлатдан–кучли фуқаролик жамияти сари” тамойилининг одамларни рози қилиб яшашда ўз самарасини бераётганига яққол далилдир.
Мазкур сайёр қабулда ҳам одамларни ўйлантираётган муаммоларни жойида ҳал этиш чоралари кўрилгани "халқ давлат идораларига эмас, балки давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак", деган эзгу ғоянинг амалдаги ифодаси бўлди.
-Бугун барча раҳбарлар билан сизларни тинглаш, дуч келаётган муаммоларингизни биргаликда ечиш учун келганмиз,-деди вилоят ҳокими.-Ҳозирдан айтиб қўяй:бу йил шаҳарнинг ўзида 1 минг 500 га яқин хонадонга эга кўп қаватли уй барпо этилмоқда. Шунингдек, ижтимоий уйлар қурилишини ҳам бошлаганмиз. Тўғри тушингизлар: сизларнинг турар-жой масалаларингизни ечишнинг барча чоралари кўраяпмиз. Бугун сизларнинг дарду-ташвишларингизни тинглаб, ҳал этиб бериш учун келганмиз. Ҳотиржам бўлинг: барчангизни эшитамиз.
Очиқ мулоқот асосида ўтган қабулда уй-жой, тиббий хизмат, моддий ёрдам, иш билан таъминлаш, бизнесини бошлаш учун кредит, ер ажратиш, ички йўлларни таъмирлаш каби масалалардаги мурожаати эшитилди. Жумладан, Музработ туманидаги Шаффоф маҳалласида яшайдиган Феруза Алимова уч ёшдаги ўғлининг бошида қон айланиши яхши эмаслиги ва уни даволатиш учун дори-дармонга маблағи етишмаётгани ҳамда кейинги пайтда кўз нури пасайиб кетгани ва шифокорлар тавсия этган кўзойнакни олишга пул тополмаётганини айтиб, вилоят раҳбаридан ёрдам сўради.
Бу масала жойида муҳокама этилиб, мурожаатчи аёлни ўйлантираётган иккита муаммо ҳам ечимини топди.
Термиз шаҳрилик меҳнат фахрийси Иброҳим Хонкелдиев коллежни тугатган қизини ишга жойлаштиришга ёрдам сўради. Узоқ йиллар вилоят телерадиокомпаниясида меҳнат қилиб, пенсияга чиққани, аммо сўнгги йилларда уни вилоят ОАВларининг тадбирларига таклиф этмай қўйишганини маълум қилди.
Шу ернинг ўзида мутасаддиларга меҳнат фахрийсининг қизини замонавий тикув машинаси билан таъминлаш ва тез кунларда шаҳардаги тикувчилик корхоналаридан бирига ишга жойлаштириш, ўзини эса ОАВ ходимлари куни муносабати билан бўлиб ўтадиган тадбирга таклиф этиш вазифаси топширилди.
-Вилоят ҳокимининг қабулига келиб,маҳалламизда тиббий хизмат кўрсатиш сифати ҳақида ўз фикрларимни айтдим,-дейди Термиз шаҳри А.Навоий маҳалласида яшайдиган Назира момо Зиёева.-Бу масалани эътибор билан тинглаган ҳоким бобо соҳа раҳбарлари билан муаммони ўрганиб, жойида ечимини топиб берганидан бошим кўкка етгандек бўлди. Раҳбарлар билан халқ ўртасида очиқ мулоқот қилиш учун бундай шароит яратиб берган давлатимиздан беҳад миннатдормиз.
Сайёр қабулда 300дан ортиқ фуқаронинг мурожаати тингланиб,аксарияти жойида ҳал этилди. Вақт талаб этадиган мурожаатлар бўйича муддат белгиланиб,ижроси қатъий назоратга олинди.
-
Манзил :Термиз шаҳар, Ат-Термизий, 1-А уй. Жамот транспортлари: 2,4,8,222,17,13,5
-
Телефон :+998 (76) 224-02-89, 1088 Antikorrupsiya +99876-228-0190-2012
-
E-mail:gov@surxondaryo.uz