Термиз шаҳри ва Термиз туманида инвестиция лойиҳалари билан танишилди

Маълумки иш ўринлари яратилишида хизматлар соҳаси муҳим тармоқ ҳисобланади. Шунингдек, ушбу соҳа урбанизацияни ривожлантириш ва турмуш даражасини оширишда ҳам асосий омиллардан саналади.

Бугун Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов бу борада амалга оширилаётган ишлар ҳамда янги инвестиция лойиҳалари билан танишиш мақсадида Термиз шаҳри ва Термиз туманидаги қатор объектларга ташриф буюрди.

Дастлаб, Термиз шаҳри Саховат маҳалласида жойлашган “Хусан полвон Термиз” хусусий корхонаси томонидан хостел хизматини ташкил этиш лойиҳаси билан танишилди. Корхона томонидан 6 млрд сўмлик лойиҳа доирасида 10 та иш ўрни яратилган. Вилоят раҳбари хостел фаолиятини кенгайтириш ва ривожлантириш бўйича тавсияларини берди.

Шундан сўнг, “Avicena international” хорижий корхонаси томонидан ташкил этилган “Шаҳзод шифо” кўп тармоқли хусусий клиника фаолияти билан танишилди. Ҳозирда лор, уролог, хирург, гинекология, невропатолог, кардиолог, ревмотолог тиббий хизматларини кўрсатувчи клиника замонавий жиҳозлар билан таъминланган. Тиббий хизмат кўлами ва турларини кўпайтириш, сифатини янада яхшилаш бўйича тегишли тавсиялар берилди.

Кейинги манзилда “MAGNATE COLORS PRODUCTS” МЧЖ ва “BIZIM KIMYA” МЧЖ томонидан ташкил этилаётган лак бўёқ ва пардозлаш маҳсулотлари ишлаб чиқариш лойиҳаси билан танишилди. Умумий қиймати 30 млрд сўм бўлган лойиҳага 10 млрд сўм хорижий инвестиция жалб қилинган. Йилига 20 минг тонна маҳсулот ишлаб чиқариш қувватига эга бўлиши кутилаётган лойиҳа доирасида 20 та иш ўрни яратилиши режалаштирилган.

Вилоят раҳбари Термиз шаҳридаги лойиҳалар билан танишуви давомида “AZIZA FAMILY CAKE” оилавий корхонасида ҳам бўлиб, миллий ширинликлар ишлаб чиқариш фаолиятини кўздан кечирди. Яратилган иш ўринлари, уларда хотин-қизларнинг бандлиги таъминланганлиги, "Устоз-шогирд" анъаналари асосида ёшларга қандолатчилик сирларини ўргатиш борасидаги ишлар яхши йўлга қўйилганлиги қайд этилди.

Инвестиция лойиҳаларини ўрганиш ишлари Термиз туманида давом этди. Туманнинг Сабзипоя маҳалласи ҳудудида “Турсунтош парранда” МЧЖ томонидан умумий қиймати 81 млрд сўмлик паррандачилик кластерини ташкил этиш ишлари билан танишилди. Лойиҳа доирасида қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилаётган бўлиб, тўлиқ қувватда иш бошлагач, корхонада 60 та доимий иш ўринлари яратилади. Вилоят раҳбари лойиҳа билан танишув давомида тадбиркорнинг мавжуд муаммоларини тинглади ҳамда ечими юзасидан масъулларга тегишли вазифаларни белгилаб берди.

Туманга ташрифнинг кейинги манзили “Термиз халкаро савдо маркази” ҳудудида ташкил этилаётган Фонон заргарлик корхонаси фаолияти билан ҳам танишилди. Соҳага берилаётган имтиёз ва имкониятлардан фойдаланган ҳолда корхонага хорижий давлатлардан энг сўнгги заргарлик асбоб-ускуналари келтирилиб, ўрнатилган.

Шундан сўнг шу ернинг ўзида вилоят Инвестициялар, саноат ва савдо бошқармасининг 2024 йил 1-ярим йиллигидаги фаолияти ҳамда Президентимизнинг “Сурхондарё вилоятида ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлашга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси юзасидан тақдимотлар билан танишилди. Унда мажмуа таркибига кирувчи бошқарма, ташкилот ва идоралар раҳбарлари, шаҳар ва туманлар ҳокимларининг соҳага масъул ўринбосарлари иштирок этиб, ўз йўналишлари бўйича ахборот берди.

Мутасаддиларга экспорт ҳажмларини ошириш, инвестицияларни жалб қилиш, янги иш ўринлари яратиш ҳамда бошқа масалалар юзасидан тармоқлар ва ҳудудлар кесимида вазифалар белгилаб берилди.

Изоҳ қолдириш

Сўровнома
Сурхондарё вилояти ҳокимлиг фаолиятини қандай бахолайсиз ?

Боғланиш
Сайт Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги, Ахборот коммуникация технологияларини ривожлантириш маркази мутахассислари томонидан яратилган.