Шўрчида аҳоли бандлигини таъминлаш лойиҳалари билан танишилди

Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов Шўрчи туманида бўлиб, кичик бизнесни қўллаб-қувватлаш дастури доирасида амалга оширилаётган лойиҳалар, яратилаётган иш ўринлари ҳамда янги ташаббуслар тақдимоти билан танишди.

Дастлаб, туманнинг Кўклам маҳалласида “Шўрчи гранд мебел” МЧЖ томонидан мебел ва эшик ромлари ишлаб чиқариш корхонаси фаолияти билан танишилди. Тадбиркор ишлаб чиқариш жараёнлари ҳамда фаолиятини кенгайтириш бўйича лойиҳа тақдимотлари билан таништирди. Вилоят раҳбари тадбиркорга ўзининг зарур тавсияларини берди. Шу ернинг ўзида туманда амалга оширилиши режалаштирилган янги лойиҳалар тақдимоти ҳам ўтказилди. Мутасаддиларга истиқболли лойиҳаларни танлаб олиш, иш ўринлари яратилишига эътибор қаратиш ҳамда кичик бизнесни қўллаб-қувватлаш дастури доирасида имтиёзли кредит маблағлари ажратилишида кўмак кўрсатиш вазифаси топширилди.

Шундан сўнг, Ишга марҳамат мономарказининг Шўрчи тумани филиалининг очилиш тадбири ўтказилди. Марказнинг умумий қуввати 240 ўринли бўлиб, аҳолининг ишсиз қатламини касб-ҳунарга ўқитиш, бандлигини таъминлаш, шунингдек, хорижий тилларни ўқитиш фаолиятини олиб боради. Вилоят раҳбари мономарказ филиалида фаолият юритаётган курслар, жумладан, тикувчилик, дурадгорлик, миллий чолғу асбоблари ишлаб чиқариш ҳамда “IT” тўгаракларда машғулотлар жараёнлари билан танишиб, иштирокчилар билан суҳбатлашди.

Хусусан, “IT” курслари фаолиятини ривожлантириш, мактаблардаги иқтидорли ўқувчиларни жалб қилиш, дастурий маҳсулотлар ишлаб чиқариш, экспортини йўлга қўйиб, ёшларни соҳада даромад топишга ўргатиш бўйича масъулларга тегишли топшириқларни берди.

Кейинги манзилда Совжиронбобо маҳалласида ёғоч яшиклар ишлаб чиқариш фаолиятини йўлга қўйиб, хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаган тадбиркор аёл фаолияти билан танишди. Вилоят раҳбари масъулларга лойиҳани кенгайтириш, ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, иш ўринлари сонини кўпайтириш учун зарур кўмакларни кўрсатиш вазифасини топширди. Шунингдек, яна бир тадбиркор томонидан йўлга қўйилган турли брусчатка ва плиткалар ишлаб чиқариш корхонаси фаолияти билан ҳам танишилди.

Ташриф якунида туманнинг Кўклам маҳалласида боқувчиси бўлмаган ёзғиз аёл Зулфия Содиқова хонадонида бўлиб, оилавий шароитларини ўрганди. Масъулларга оиланинг ижтимоий-иқтисодий аҳволини яхшилаш, уй-жойини таъмирлаб бериш вазифалари юкланди.

Изоҳ қолдириш

Сўровнома
Сурхондарё вилояти ҳокимлиг фаолиятини қандай бахолайсиз ?

Боғланиш
Сайт Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги, Ахборот коммуникация технологияларини ривожлантириш маркази мутахассислари томонидан яратилган.