Улуғбек Қосимов: “Янги Ўзбекистон” массивларида яшовчиларнинг бандлигини таъминловчи лойиҳаларни амалга оширишимиз керак!”

Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов Хитой Халқ Республикасига ташрифини якунлаб Термизга қайтиб келди ҳамда бугун Термиз, Жарқўрғон ва Сариосиё туманларида “Янги Ўзбекистон” массивлари, ижтимоий соҳа объектлари қурилиши билан танишди.

Дастлаб, Термиз тумани Янгиобод маҳалласида бунёд этилаётган “Янги Ўзбекистон” массиви ва “Янги Ўзбекистон” боғини барпо этиш ишларининг бориши ҳамда аввалги ташрифларда берилган топшириқлар ижроси ўрганилди. Шунингдек, Жарқўрғон тумани Қораёнтоқ маҳалласида барпо этилаётган “Янги Ўзбекистон” массивида турар жойлар қурилиши ҳам кўздан кечирилди.

Ҳудуд раҳбарлари, қурилиш соҳаси мутасаддилари ҳамда қурилиш-пудрат корхоналари вакиллари ишларнинг бориши, берилган топшириқлар ижроси ҳамда келгусидаги режа ва вазифалар юзасидан ахборот берди. Вилоят раҳбари “Янги Ўзбекистон” массивларида яшовчилар учун иш ўринлари яратиш биринчи галдаги вазифа эканлигини таъкидлади ҳамда бу борада лойиҳаларни ишлаб чиқиш топшириғини берди. Шунингдек, ишларни сифатли олиб бориш, жорий йилда қурилиши белгиланган турар жойлар ва ижтимоий соҳа объектларини муддатида якунлаш вазифаси юкланди.

Шундан сўнг, ҳудудларда ўрганиш ишлари Сариосиё туманида давом эттирилди. Туманнинг Лутфикор маҳалласи ҳудудидаги “Янги Ўзбекистон” массивида қурилиш ишларининг бориши, туманда канализация, оқова ва ичимлик сув тармоқлари ҳамда умумфойдаланувдаги йўлларни барпо этиш, таъмирлаш жараёнлари юзасидан тайёрланган тақдимотлар кўриб чиқилди. Лойиҳаларнинг бориши масъуллар иштирокида муҳокама қилинди.

Ҳар бир лойиҳада ишларни жадаллаштириш, сифатини алоҳида назоратга олиш бўйича вазифалар белгилаб берилди. Шунингдек, соҳа тадбиркорларининг муаммо ва масалалари тингланди. Мутасаддиларга қурувчилар билан ишлаб, уларни қийнаб келаётган масалаларни ҳал этиш, коммуникация тармоқлари билан тўлиқ таъминлаш вазифалари топширилди.

Вилоят раҳбари инвестиция дастури асосида тумандаги 22-сонли мактабнинг 420 ўринли ўқув биносини мукаммал таъмирлаш ва 360 ўринли қўшимча ўқув биноси қуриш жараёнлари билан ҳам танишди. Мактаб қурилишида биринчи навбатда сифатга эътибор қаратиш, ҳудудни ободонлаштириш, таъмирлаш ишларини ўқув йили бошлангунга қадар якунлаш лозимлиги қайд этилди.

Изоҳ қолдириш

Сўровнома
Сурхондарё вилояти ҳокимлиг фаолиятини қандай бахолайсиз ?

Боғланиш
Сайт Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги, Ахборот коммуникация технологияларини ривожлантириш маркази мутахассислари томонидан яратилган.