Қумқўрғон ва Шўрчи туманларида ижтимоий соҳа объектлари фаолияти билан танишилди
Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов бугун ҳафталик иш режасига мувофиқ ёшлар билан ишлаш, ижтимоий соҳа объектлари фаолияти ҳамда ушбу йўналишда амалга оширилаётган ишлар билан танишиш мақсадида Қумқўрғон ва Шўрчи туманларига ташриф буюрди.
Дастлаб, Қумқўрғон туманида М41 ҳалқаро автомагистрал йўлининг Бешқаҳрамон маҳалласи ҳудудидан ўтувчи қисмида “Ёшлар ва туризм кўчаси”ни ташкил этиш ишлари билан танишилди. Лойиҳага кўра бу ерда ёшлар учун турли маданий ва кўнгилочар объектлар, хордиқ чиқариш масканлари барпо этилиши кўзда тутилган. Масъуллар қурилиш-таъмирлаш ишларининг бориши ҳамда келгусидаги режалар юзасидан ахборот берди.
Шундан сўнг, туманнинг Жозиба маҳалласида якка тартибдаги тадбиркор “Раҳимкулов Музаффар Мустафаевич”га қарашли спорт клубида ёшларни спортга жалб қилиш ҳамда 3-сонли оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотида таълим-тарбия жараёнлари билан танишилди. Масъулларга тадбиркорларнинг бу каби ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, спортни ривожлантириш ва болаларни мактабгача таълимга қамраб олиш кўрсаткичларини ошириш вазифалари белгилаб берилди.
Кейинги манзилда “Оққапчиғай” оилавий шифокорлик пункти биносида яратилган шароитлар ва аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш жараёнлари билан танишилди. Тиббиёт маскани биноси эскилиги ва таъмирга муҳтожлигини инобатга олиб, янги бино қуриш бўйича лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш вазифаси топширилди. Шунингдек, шу ернинг ўзида аҳоли билан мулоқот қилиниб, уларнинг мурожаатлари тингланди. Кўтарилган масалаларни ҳал этиш бўйича масъулларга вазифалар белгилаб берилди.
Қумқўрғон туманига ташриф якунида Мунчоқтепа маҳалласи ҳудудидаги “Алпомиш ўғлонлари” фермер хўжалигининг ёшларга ажратилган майдонлардан самарали фойдаланиш ва экин экилиши ҳолати кўздан кечирилди. Вилоят раҳбари ёшлар билан суҳбат давомида берилган имкониятдан унумли фойдаланиш, ажратилган майдонларда экспортбоп маҳсулотлар етиштириб, даромадли бўлиш ҳамда тадбиркорлик фаолиятларини йўлга қўйиш юзасидан ўзининг зарур тавсияларини берди.
Ҳудудларга ташриф Шўрчи туманида давом эттирилди ва Гулистон маҳалласида жойлашган 14-сонли мактабда ёшларга яратиб берилаётган шароитлар билан танишилди. Шу ернинг ўзида “Ёшлар ва туризм кўчаси” ҳамда Ёшлар шаҳарчасини ташкил этиш ишлари тақдимот қилинди. Мутасаддиларга ишларни жадаллаштириш, вело йўлаклар, пиёдалар ҳаракатланиши учун хавфсиз ва қулай йўлларни яратиш, ҳар бир объектни лойиҳада акс эттириш бўйича топшириқлар берилди.
-
Манзил :Термиз шаҳар, Ат-Термизий, 1-А уй. Жамот транспортлари: 2,4,8,222,17,13,5
-
Телефон :+998 (76) 224-02-89, 1088 Antikorrupsiya +99876-228-0190-2012
-
E-mail:gov@surxondaryo.uz