Онкология ва эндокринология тиббиёт марказлари фаолияти билан танишилди
Бугун вилоят ҳокими Улуғбек Қосимов ҳудудларга ташрифидан сўнг, куннинг иккинчи ярмида Термиз шаҳрида Республика илмий-амалий тиббиёт марказларининг Сурхондарё филиалларида бўлиб, уларнинг фаолияти ҳамда мавжуд шароитлари билан танишди.
Дастлаб, Республика Онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази Сурхондарё филиали фаолияти билан танишилди. Соҳа мутасаддилари онкологик касалликларни барвақт аниқлаш, олдини олиш бўйича бирламчи бўғин муассасалари билан ҳамкорлик алоқалари юзасидан тақдимот қилди. Хусусан, аҳоли, айниқса хотин-қизларда учрайдиган онкологик касалликларнинг олдини олиш, барвақт аниқлаб, даволаш чораларини кўриш мақсадида ҳудудларда ўтказилаётган режали тиббий кўриклар ва бошқа тадбирлар юзасидан ахборот берилди.
Шунингдек, шу ернинг ўзида аҳолини давлат томонидан ижтимоий ҳимоя қилиш ва “ижтимоий карта” тизимини жорий этиш юзасидан Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги вилоят бошқармаси бошлиғининг тақдимоти кўриб чиқилди. Ишларни жадаллаштириш, ижтимоий ҳимояни кучайтириш, ўтказилган хатловлар натижалари асосида тизимли ишларни ташкил этиш вазифалари топширилди.
Вилоят раҳбари илмий-амалий тиббиёт марказида яратилган шароитлар, келтирилган замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан ҳам танишди. Қўшимча замонавий асбоб-ускуналарнинг келтирилиши натижасида Тошкентда амалга оширилиб келинган нур терапия ва кимёвий терапия муолажаларини ўзимизда бажариш имконияти яратилганлиги қайд этилди.
Шундан сўнг Республика Эндокринология илмий-амалий тиббиёт маркази Сурхондарё филиалига ташриф буюрилди. Вилоят раҳбари тиббиёт марказида беморларнинг даволаниши учун яратилган шароитлар, келтирилган тиббий асбоб-ускуналар ҳамда жиҳозларни кўздан кечирди. Соҳа мутасаддилари ва марказ масъуллари Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ҳузурида ўтказилган видеоселектор йиғилишида берилган топшириқларга асосан шифокорлар ҳамда илмий ходимларнинг малакасини ошириш борасида амалга оширилаётган ишлар, марказ салоҳияти ҳақида ҳисобот берди.
Вилоят раҳбари марказ шифокорлари билан суҳбатлашиб, соҳада илғор хорижий давлатлар тажрибаларини ўрганиш ва ўзимизда жорий этиш кераклигини, бунинг учун шифокорларга хорижда малака ошириши учун шароитлар яратиб берилишини таъкидлади. Марказга ташриф якунида тиббий-ижтимоий эксперт комиссиялари фаолиятини самарали ташкил этиш мақсадида 3 та ҳудудга хизмат автомашиналари топширилди.
-
Манзил :Термиз шаҳар, Ат-Термизий, 1-А уй. Жамот транспортлари: 2,4,8,222,17,13,5
-
Телефон :+998 (76) 224-02-89, 1088 Antikorrupsiya +99876-228-0190-2012
-
E-mail:gov@surxondaryo.uz