Бойсунда туризм ва хотин-қизлар билан ишлаш йўналишларида янги вазифалар белгилаб берилди
Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов туризм, маданий мерос, маданият ва спорт йўналишлари ҳамда хотин-қизлар билан ишлаш, уларнинг бандлигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар билан танишиш мақсадида Бойсун туманига ташриф буюрди. Дастлаб, “Темир дарвоза” дан 10 километр жануби-ғарбда, Кўҳитанг тоғлари чўққисида жойлашган “Узундара” истеҳкомида олиб борилаётган археологик изланишлар билан танишилди.
Бундан 2 300 йил аввал “Узундара” истеҳкоми Бақтрия ва Сўғд чегарасида шимолий ҳудуддаги мудофаани таъминлаган муҳим стратегик объект саналган. Айни вақтда россиялик археологик олимлар билан ҳудуд тарихини ўрганиш мақсадида изланишлар олиб борилмоқда. Вилоят раҳбари рус тарихчилари билан ёдгорликнинг тарихий аҳамияти, илк давлатчилик шаклларининг ривожланишдаги ўрни ҳақида суҳбатлашди. Масъулларга ўзига хос йирик иншоотлар, қалъа деворлари ҳамда мустаҳкам фортификация иншоотларига сайёҳларни жалб қилиш мақсадида туристик маршрутлар ишлаб чиқиш вазифаси топширилди.
Шундан сўнг, Тоқчи маҳалласида 21 нафар “дафтарлар”да турган, ишсиз хотин-қизларнинг бандлиги таъминланган “Феруза” тикувчилик цехи фаолияти билан танишилди. Лойиҳа USAID ташкилотининг гранд маблағларини ютиб, тикув дастгоҳлари билан таъминланган. Вилоят раҳбари цех фаолиятини қўллаб-қувватлаш, ишловчи хотин-қизлар учун янада қулай шароитлар яратиш мақсадида маиший техникалар билан таъминлаш бўйича масъулларга топшириқлар берди.
Кейинги манзилда туманнинг Ариқ-усти маҳалласида “D3 FARM” МЧЖ томонидан давлат-хусусий шерикчилик асосида ташкил этилган, умумий қиймати 2 млрд сўм бўлган, маҳалла идораси, спорт клуби, умумий овқатланиш савдо нуқтаси ҳамда ўқув марказини ўз ичига олган мажмуа фаолияти билан танишилди. Хусусан, ёшларни спортга жалб қилиш мақсадида ташкил этилган спорт клубида яратилган шароитлар кўздан кечирилди. Шунингдек, бинонинг учинчи қаватида ташкил этилган хорижий тилларни ўқитиш курслари фаолияти юқори баҳоланди. Вилоят раҳбари комплекс фаолиятини кенгайтириш, кўпроқ ёшлар учун хизмат қиладиган лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан зарур тавсияларини берди.
Туманга ташрифи якунида вилоят раҳбари оила қурмоқчи бўлган ёшлар ва кўп йиллардан буён ибрат кўрсатиб, умргузаронлик қилиб келаётган оилаларнинг учрашув тадбирида иштирок этди. Маърифтли оила саналган, катта ҳаёт тажрибасига эга нуронийларимиз ёшларга ўзининг тавсия ва ўгитларини беришди. Вилоят раҳбари бу каби тадбирларни кўпайтириш, ёшларга тўғри йўл кўрсатиш билан бирга жамиятимизнинг оғлиқли масалаларидан бири бўлган ажримларнинг олдини олишга хизмат қилишини таъкидлади.
Шунингдек, тадбирда ҳунармандчилик маҳсулотлари кўргазмаси ҳам намойиш этилди ҳамда шу ернинг ўзида туманнинг Олмозор кўчасини Ёшлар ва туризм кўчасига айлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар тақдимот қилинди. Вилоят раҳбари лойиҳа асосида ишларни жадаллаштириш юзасидан тегишли вазифаларни белгилаб берди.
-
Манзил :Термиз шаҳар, Ат-Термизий, 1-А уй. Жамот транспортлари: 2,4,8,222,17,13,5
-
Телефон :+998 (76) 224-02-89, 1088 Antikorrupsiya +99876-228-0190-2012
-
E-mail:gov@surxondaryo.uz