Қизириқда иш ўринлари яратаётган тадбиркорлар фаолияти билан танишилди

Бугун Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш, иш ўринлари яратиш, камбағалликни қисқартириш борасидаги ишлар билан танишиш мақсадида Қизириқ туманига ташриф буюрди.

Вилоят раҳбари туманга ташрифини Зарбдор маҳалласидан бошлади ва “Турсунпўлат Баҳриддин” ЯТТнинг эшик ва дераза ромлари ҳамда темирга ишлов бериш фаолияти билан танишди. Тадбиркор авваллари хорижда чилангарлик ишлари билан шуғулланган бўлиб, маҳалла “еттилиги” томонидан тадбиркорлик фаолиятини бошлаши учун кўрсатилган кўмакдан сўнг ушбу лойиҳани йўлга қўйган. Бундан ташқари миграцияда юрган қариндош ва синфдошларини ҳам чақириб иш билан таъминлаган. Вилоят раҳбари тадбиркорга яратган иш ўринлари учун миннатдорчилик билдириб, лойиҳани кенгайтириш учун барча зарур ёрдам кўрсатилишини билдирди ҳамда масъулларга кредит ажратиш масаласини қисқа муддатда ҳал этиш топшириғини берди.

Шундан сўнг, Президентимиз топшириғига асосан туманнинг Буюк келажак маҳалласида ташкил этилган маҳалла сервис компанияси фаолияти билан танишилди. Маҳалла шароитлари ва аҳоли эҳтиёжларидан келиб чиқиб, сервис компанияси зарур асбоб-ускуналар ҳамда трактор техникалари билан таъминланган. Шунингдек, ушбу маҳаллада ишсиз, “дафтар”ларда турган 20 нафар хотин-қизлар ва 10 нафар ёшларга ўзини ўзи банд қилиши учун субсидия асосида асбоб-ускуна ва жиҳозлар топширилди. Вилоят раҳбари яратиб берилаётган имкониятдан мақсадли ва самарали фойдаланиш зарурлигини таъкидлади.

Вилоят раҳбари ушбу маҳалладаги ташрифини давом эттириб, Иброхим Хусанов томонидан ташкил этилган хизмат кўрсатиш нуқталари фаолияти билан танишди. Тадбиркор яратилган имконият ва ажратилган имтиёзли кредитдан самарали фойдаланиб, ўзига тегишли бинода умумий овқаланиш нуқтаси, гўшт ва озиқ-овқат дўкони ҳамда нон маҳсулотлари пишириш жойларини ташкил этган. Танишув давомида маҳалла нуронийлари билан ҳам суҳбат қилинди. Воҳамизнинг чекка ҳудудларидан бири бўлишига қарамасдан, давлатимиз томонидан кўрсатилаётган эътибор сабаб шаҳардан қолишмайдиган шароитлари яратилганини таъкидлаган нуронийлар ўз миннатдорчиликларини билдиришди.

Ташриф якунида вилоят ҳокими ушбу маҳаллада яшовчи Нуриддин Абдужабборовнинг хонадонида бўлди. Ўзи ўқитувчи бўлиб ишласада, уйида математика фанидан қўшимча ўқув машғулотларини ҳам ўтувчи Нуриддин ака бўш вақтларида томорқасида ишлаб, маданий хордиқ олишини таъкидлади. Хонадонда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш, чорвачилик ва паррандачилик яхши йўлга қўйилган. Биргина икки йилдан буён етиштирилаётган павлония дарахти 10 метрга етган. Шунингдек, хонадоннинг ўзида ёшларнинг ўқиши ҳамда касб-ҳунар ўрганиши учун барча шароитлар яратилган.

Вилоят раҳбари энг чекка ҳудудда бўлсада ёшларимизни ўқитиш, етук кадр қилиб тайёрлашга ўз ҳиссасини қўшаётган, чин маънода қаҳрамон воҳадошларимиз борлигидан фахрланишини билдирди ва масъулларга Нуриддин Абдужабборов каби инсонларни топиб, уларнинг фаолиятини қўллаб-қувватлаш, ҳаёт йўлларини намуна қилиб кўрсатиш топшириғини берди.

Изоҳ қолдириш

Сўровнома
Сурхондарё вилояти ҳокимлиг фаолиятини қандай бахолайсиз ?

Боғланиш
Сайт Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги, Ахборот коммуникация технологияларини ривожлантириш маркази мутахассислари томонидан яратилган.