Термиз ва Олтинсой туманларида ижтимоий соҳада амалга оширилаётган ишлар ўрганилди

Бугун Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов ижтимоий соҳада амалга оширилаётган ишлар, объектлар қурилиши ҳамда спорт ва тиббиёт муассасалари фаолияти билан танишиш мақсадида Термиз ва Олтинсой туманларига ташриф буюрди.

Дастлаб, Президентимизнинг “2024-2026 йилларда Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан Термиз тумани тиббиёт бирлашмаси Янгиариқ ҳудудий шифохонасининг 80 ўринли биноларини қуриш ва реконструкция қилиш лойиҳаси доирасида амалга оширилаётган ишлар билан танишилди.

Лойиҳанинг умумий қиймати қарийб 15,5 млрд сўм бўлиб, 20 ўринли хирургия, 40 ўринли терапия ва 20 ўринли акушер гинекология бўлимлари учун бинолар қуриш ҳамда мавжуд биноларни реконструкция қилиш кўзда тутилган. Вилоят раҳбари қурилиш-таъмирлаш ишларини жадаллаштириш, объектни белгиланган муддатда фойдаланишга топшириш бўйича ҳудуд раҳбарлари ва объект қурилишига масъул мутасаддиларга вазифалар юклади.

Шундан сўнг, вилоят раҳбарининг ташрифи Олтинсой туманида давом этди. Дастлаб, туманнинг “Оқарбулоқ” маҳалласида жойлашган 59-сонли оилавий шифокорлик пункти фаолияти, аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифати билан танишилди. Тиббиёт муассасаси ҳомийлик асосида 600 млн сўмлик лойиҳа доирасида капитал таъмирдан чиқарилган ҳамда зарур тиббий асбоб-ускуна ва жиҳозлар билан таъминланган. Вилоят раҳбари муассаса фаолияти билан танишиб, нуронийлар билан суҳбатлашди ҳамда патронаж ҳамшираларининг аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш самарадорлиги ва сифатини ошириш мақсадида планшетлар, паронаж сумкалари ҳамда 6 та электроскутер калитларини топширди.

Кейинги манзилда туман Спорт мактабида ўқувчи ёшларни спорт тўгаракларига жалб қилиш борасида амалга оширилаётган ишлар билан танишилди. Вилоят раҳбари спортчилар билан учрашувида яратиб берилаётган имконият ва шароитлардан унумли фойдаланган ҳолда юрт байроғини жаҳон ареналарида юксакларга кўтарадиган спортчи бўлиш лозимлигини таъкидлади.

Шу ернинг ўзида “Ёшлар дафтари”га киритилган ёшларни қўллаб-қувватлаш мақсадида контракт ва даволаниш учун тўловлар ҳамда моддий ёрдам учун пул маблағлари сертификатлари, ўзини ўзи банд қилиши учун жиҳозлар топширилди.

Ташриф якунида вилоят раҳбари Бўстон маҳалласида ташкил этилаётган “Ёшлар ва туризм кўчаси”да олиб борилаётган ишлар билан танишди. Бажарилган ишлар ва келгусидаги режалар юзасидан ҳудуд раҳбарларининг ахбороти тингланди. Лойиҳа доирасидаги ишларни жадаллаштириш, камчиликларни бартараф этиш юзасидан вазифалар белгилаб берилди.

Изоҳ қолдириш

Сўровнома
Сурхондарё вилояти ҳокимлиг фаолиятини қандай бахолайсиз ?

Боғланиш
Сайт Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги, Ахборот коммуникация технологияларини ривожлантириш маркази мутахассислари томонидан яратилган.