Ёшлар ва вояга етмаганлар томонидан содир этилган жиноятлар таҳлили кўриб чиқилди
Бугун Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов раҳбарлигида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва масъул бошқармалар раҳбарлари, қуйи тизим мутасаддилари, шунингдек, жиноят содир этиб, профилактик ҳисобга олинган ёшлар ва вояга етмаганларнинг ота-оналари иштирокида жорий йилнинг ўтган 7 ойи давомида ёшлар ва вояга етмаганлар томонидан содир этилган жиноятлар, уларнинг олдини олишда йўл қўйилган камчиликлар муҳокама қилинди.
Алоҳида тоифадаги шахсларга “ижтимоий профилактика” тамойили асосида бириктирилган айрим ташкилотлар томонидан ишлар лозим даражада бажарилмаётганлиги танқид қилинди ҳамда ўтган 7 ой давомида қайд этилган жиноятлар, хусусан, ёшлар ва вояга етмаганлар жиноятларининг келиб чиқиш сабаблари таҳлил қилинди.
Жумладан, ҳисобот даврида ёшлар томонидан 448 та, вояга етмаганлар томонидан 79 та жиноят содир этилган. Жиноят турларидан ёшлар томонидан номусга тегиш, босқинчилик, транспорт воситасини олиб қочиш каби ҳолатлар ошганлиги, вояга етмаганлар томонидан эса безорилик ва гиёҳвандлик жиноятларини содир этилиши кўпайганлиги, бу жуда хавотирли ҳолат эканлиги кўрсатиб ўтилди.
Бундан ташқари айрим қизларнинг нотўғри йўлга кириб қолиш ҳолатлари қайд этилган. Ушбу ҳолат ачинарли эканлиги таъкидланиб, масъулларга уларни соғлом турмуш тарзига қайтариш, маънавий муҳитни соғломлаштириш бўйича вазифалар белгилаб берилди.
Йиғилишда ҳар бир масала, йўналиш танқидий кўриб чиқилди. Ўз вазифасига совуққонлик билан қараб, ёшлар ва вояга етмаганлар ўртасида жиноятчилик юзага келишига шароит яратиб берган айрим мутасаддиларнинг фаолиятига ҳуқуқий баҳо бериш бўйича кўрсатма берилди. Шунингдек, жиноят содир этиб, профилактик ҳисобга олинган ёшлар ва вояга етмаганларнинг ҳар бири билан манзилли ишлаб, уларни соғлом турмушш тарзига қайтириш, яна қайта жиноят содир этишининг олдини олиш, уларни турли фан ва спорт тўгаракларига жалб қилиш, вояга етган ёшларнинг бандлигини таъминлаш каби чора-тадбирлар белгилаб олинди.
-
Манзил :Термиз шаҳар, Ат-Термизий, 1-А уй. Жамот транспортлари: 2,4,8,222,17,13,5
-
Телефон :+998 (76) 224-02-89, 1088 Antikorrupsiya +99876-228-0190-2012
-
E-mail:gov@surxondaryo.uz