Ангорда лойиҳалар қурилиши, корхоналар фаолияти ҳамда ТАТУ филиали тақдимоти билан танишилди

Бугун Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасидаги ишлар билан танишиш мақсадида Ангор туманига ташриф буюрди. Дастлаб, туманнинг Каттақум маҳалласида “STONE CITY ENERGY II B V” МЧЖ томонидан амалга оширилаётган 1500-1600 МВт қувватга эга комбайн электр станциясини ташкил этиш лойиҳаси қурилиши билан танишилди.

Воҳанинг энергияга бўлган талабини қондириш, иқтисодиёт тармоқлари, саноат корхоналари ҳамда аҳолига узлуксиз, барқарор электр энергияси етказиб беришда ушбу лойиҳанинг ишга туширилиши муҳим ҳисобланади. Вилоят раҳбари қурилиш жараёнлари билан танишиб, лойиҳа пудратчилари билан фикр алмашди. Мутасаддиларга мавжуд муаммоларни ҳал этиш юзасидан топшириқлар берди.

Шундан сўнг, ўтган йили “Top Quality-Brand” МЧЖ томонидан ишга туширилган, умумий қиймати 17 млн евро бўлган терини қайта ишлаш ва пойабзал ишлаб чиқариш корхонаси фаолияти билан танишилди. Ишлаб чиқариш жараёнлари, тайёр маҳсулотлар турлари кўздан кечирилди. Тадбиркор билан суҳбатда ишлаб чиқариш қувватларини ошириш, экспорт ҳажмини кўпайтириш юзасидан тавсиялар берилди.

Кейинги манзилда Наврўз маҳалласида жойлашган кичик саноат зонасида йўлга қўйилган лойиҳалар, хусусан, "Ҳасан Ҳусан ўғлонлари" хусусий корхонасининг тайёр трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқариш фаолияти билан танишилди. Мазкур кичик саноат зонасида жами қиймати 16,8 млрд сўмлик 12 лойиҳа ишга туширилган ва 95 та иш ўрни яратилган бўлиб, 61 млрд сўмлик 2 та лойиҳани ташкил этиш ишлари давом этмоқда.

Вилоят раҳбари ташриф давомида Янгиобод маҳалласида кичик бизнесни қўллаб-қувватлаш дастури доирасида олинган 100 млн сўм кредит маблағи эвазига фаолиятини кенгайтирган “BEGZOD NURBEK SURXON” МЧЖнинг мебел ишлаб чиқариш корхонасида яратилган иш ўринлари билан ҳам танишди. Имкониятдан мақсадли фойдаланиб, ишлаб чиқариш ҳажмини ҳамда иш ўринлари сонини оширган тадбиркорга миннатдорчилик билдирган вилоят раҳбари имтиёзли кредитларни шу каби истиқболли лойиҳаларни қўллаб-қувватлашга ажратиш лозимлигини қайд этди.

Шундан сўнг, Юқори хўжақия маҳалласида жойлашган собиқ Иқтисодиёт техникуми биносида Тошкент ахборот технологиялари университети – ТАТУнинг Сурхондарё вилояти филиалини ташкил этиш лойиҳаси тақдимот қилинди. Тақдимот аввалида имтиёзли кредит маблағлари эвазига фаолиятини кенгайтирган тадбиркорлар томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар кўргазмаси ўтказилди.

Вилоят раҳбари ТАТУ филиалини ташкил этиш бўйича ишлаб чиқилган лойиҳа ҳамда собиқ техникум биносининг мавжуд имкониятлари билан танишди ҳамда мутасаддиларга тегишли вазирликлар масъуллари билан бинонинг талабларга мувофиқлигини пухта ўрганиб, якуний хулосаларни тайёрлаш ва тегишли масалаларни ҳал этиш вазифасини топширди.

Шунингдек, вилоят раҳбари Ангор туманига ташрифи давомида Янгиобод маҳалласида 1,5 км ва Хўжанқон маҳалласида 2,4 км ички йўлларни таъмирлаш, асфальтлаш ишларининг бориши билан ҳам танишди. Йўлсозларга эсдалик совғалари топширилди. Мутасаддиларга ишларини сифатли ва муддатида бажариш юзасидан вазифалар белгилаб берилди.

Изоҳ қолдириш

Сўровнома
Сурхондарё вилояти ҳокимлиг фаолиятини қандай бахолайсиз ?

Боғланиш
Сайт Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги, Ахборот коммуникация технологияларини ривожлантириш маркази мутахассислари томонидан яратилган.