Қизириқ туманида ижтимоий соҳада амалга оширилаётган ишлар билан танишилди

Бугун Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов ёшлар билан ишлаш, уларнинг бандлигини таъминлаш ҳамда ижтимоий соҳада амалга оширилаётган ишлар билан танишиш мақсадида Қизириқ туманига ташриф буюрди. Вилоят раҳбари ташрифини туманнинг Заробод маҳалласида “Шахмат оилавий корхонаси” МЧЖга қарашли спорт зал фаолияти билан танишишдан бошлади.

Спорт залида ташкил этилган оғир атлетика тўгарагига ҳудуддаги тўртта маҳалла ёшлари жалб қилинган. Вилоят раҳбари ёшлар билан мулоқотида сурхондарёлик спортчиларнинг Олимпия ўйинларида эришган натижаларига тўхталиб, яратилган шароитлардан унумли фойдаланишни сўради ҳамда юрт байроғини жаҳон ареналарида юксакларга кўтарадиган спортчи бўлиб етишишлари учун барча имкониятлар мавжудлигини қайд этди.

Шунингдек, ушбу бинодаги спорт кийим-кечаклари ва жиҳозлари сотуви билан шуғулланувчи савдо нуқтаси фаолияти билан ҳам танишилди.

Кейинги манзилда вилоят раҳбари умумтаълим мактабларининг янги ўқув йилига тайёргарлик ҳолатини кўздан кечирди. Хусусан, 29-сонли мактабда ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш, синф хоналарини таъмирлаш ва жиҳозлаш, ўқув йилига тайёрлаш, мактаб кутубхонасининг китоблар фонди билан танишилди. Ишлар талаб даражасида эмаслиги қайд этилиб, масъулларга йўл қўйилган камчиликлар кўрсатиб ўтилди.

Вилоят раҳбари мактаб ўқитувчилари билан суҳбатда ўқув йилига тайёргарлик кўриш, таълим сифатини ошириш, уларнинг ўз устида ишлари учун шароитлар яратилишини билдириб, мактаб ички тартиб қоидалари асосида танлаб олинган ўқувчилар формаси намуналари билан ҳам танишди.

Шунингдек, 36-сонли мактабда амалга оширилаётган қурилиш-таъмирлаш ишлари кўздан кечирилди. Ишлар суст олиб борилаётганлиги, янги ўқув йили бошланишига кам муддат қолган бўлсада таъмирлаш ишлари якунига етказилмаганлиги танқид қилинди. Туман мутасаддилари ва лойиҳа пудратчисига 10 кун муддатда қурилиш-таъмирлаш ишларини якунига етказиш топшириғи берилди.

Изоҳ қолдириш

Сўровнома
Сурхондарё вилояти ҳокимлиг фаолиятини қандай бахолайсиз ?

Боғланиш
Сайт Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги, Ахборот коммуникация технологияларини ривожлантириш маркази мутахассислари томонидан яратилган.