Қизириқ туманига ташриф: Ёшлар жиноятчилиги муҳокамаси, ёшлар ва футболчилар билан учрашув ҳамда лойиҳалар тақдимоти

Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов раҳбарлигида ёшлар жиноятчилигининг олдини олиш борасида шаҳар ва туманлар мутасаддилари томонидан амалга оширилаётган ишлар видеоконфренцалоқа шаклида муҳокама қилинди. Бу борада белгиланган чора-тадбирлар ижроси, йўл қўйилган камчиликлар, жорий йилнинг ўтган даврида ёшлар томонидан содир этилган жиноятлар таҳлил қилинди ҳамда марказий, шаҳар ва туманлар студияларидан мутасаддилар ҳисобот берди.

Ёшлар жиноятчилигининг олдини олиш борасида амалга оширилаётган ишлар етарли даражада эмаслиги, айрим раҳбарлар томонидан масъулиятсизликка йўл қўйилганлиги кўрсатиб ўтилди ҳамда уларга нисбатан тегишли жазо чораларини кўриб чиқиш бўйича кўрсатмалар берилди.

Вилоят раҳбари муҳокамадан сўнг, туман Спорт мактабида “Қизириқ ПФК” футбол клуби раҳбарияти ва футболчилари билан учрашди. Ўзбекистон ПФЛнинг 1-лигасида дебютант сифатида иштирок этаётган футбол жамоаси ҳозирга қадар 14 та ўйиндан 12 тасида ғалаба қозониб, биринчи ўринда бормоқда. Вилоят раҳбари футболчиларга кейинги ўйинларда ҳамда Про-лигага чиқиш йўлида омадлар тилади. Клуб фаолиятини қўллаб-қувватлаш, муносиб шароитлар яратиш бўйича мутасадиларга вазифалар белгилаб берилди.

Шундан сўнг, ёшлар билан янгича тизимда ишлаш бўйича йўлга қўйилган дастурга асосан Миллий гвардия вилоят бошқармасига бириктирилган “қизил” тоифадаги ёшлар билан учрашув ўтказилди. Уларнинг муаммоларини ҳал этиш, ҳаётда ўз йўлларини топиш, бандлигини таъминлаш бўйича чора-тадбирлар белгиланди.

Ташриф якунида туманнинг Шодлик ва Қишлоқозон маҳаллаларининг туташган қисмидан ўтувчи автомобиль йўли бўйлаб ташкил этилиши режалаштирилган "Ёшлар ва туризм" кўчаси ҳамда Оқжар маҳалласи ҳудудида савдо маркази, меҳмонхона, ошхона, автосервис, чорва моллари сотиш ва логистика марказлари қуриш лойиҳалари тақдимоти билан танишилди.

Вилоят раҳбари лойиҳалар юзасидан ўзининг зарур тавсияларини бериб, “Ёшлар ва туризм” кўчаси ташкил этиш учун танлаб олинган ҳудудда амалга оширилаётган ишларни кўздан кечирди ҳамда лойиҳа асосида ишларни жадаллаштириш, сифатли амалга ошириш бўйича масъулларга вазифаларни белгилаб берди.

Изоҳ қолдириш

Сўровнома
Сурхондарё вилояти ҳокимлиг фаолиятини қандай бахолайсиз ?

Боғланиш
Сайт Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги, Ахборот коммуникация технологияларини ривожлантириш маркази мутахассислари томонидан яратилган.