Термиз туманида инвестицион лойиҳалар ва корхоналар фаолияти билан танишилди
Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимовнинг бугунги ҳудудларга ташрифи Термиз туманига бўлди. Ташриф дастурига мувофиқ инвестицион лойиҳалар ҳамда ишлаб чиқариш ва саноат корхоналари, шунингдек, логистика маркази фаолияти, янги ташаббуслар тақдимотлари билан танишилди.
Жумладан, ташрифнинг дастлабки манзилида “Тавсия Сурхон” хусусий корхонаси томонидан ташкил этилган пенопласт ишлаб чиқариш корхонаси фаолияти билан танишилди. Умумий майдони 2 гектар бўлган лойиҳанинг қиймати 4,1 млрд сўмни ташкил этади. Айни вақтда корхонада 8 кишининг бандлиги таъминланган корхонада йилига 2 минг тоннагача пенопласт маҳсулотлари ишлаб чиқарилади.
Вилоят раҳбари ишлаб чиқариш жараёнлари ҳамда тайёр маҳсулотларни кўздан кечириб, тадбиркор билан суҳбатлашди. Уй-жойлар қурилишида зарур материаллар ишлаб чиқарувчи тадбиркорга янги лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда фаолиятини кенгайтириш бўйича таклиф ва тавсиялар берилди. Туман мутасаддиларига тадбиркорнинг коммуникация билан боғлиқ масалаларини ҳал этиш вазифаси топширилди.
Шундан сўнг, вилоят раҳбари туманнинг Бунёдкор маҳалласида “Арзон плюс маҳсулоти” МЧЖ хорижий корхонаси томонидан ташкил этилган пластик толадан гилам ишлаб чиқариш лойиҳаси билан танишди. 300 минг доллар хорижий инвестиция ҳисобига ташкил этилган корхона арзон хом ашёдан турли рангдаги нақшинкор, намлик ва совуқни ўтказмайдиган гиламлар ишлаб чиқаради.
Кейинги манзилда 2021 йилдан буён фаолият юритиб келаётган, йилига 50 минг куб метр маҳсулот ишлаб чиқариш қувватига эга “Термиз тезкор қурилиш” хусусий корхонасининг асфалт қопламаси тайёрлаш заводи фаолияти кўздан кечирилди. Умумий қиймати 56,1 млрд сўмлик йирик лойиҳада 20 та ишчи ўрни яратилган. Вилоят раҳбари ҳудудларда йўл инфратузилмасини яхшилаш тадбирлари қизғин паллада кетаётган айни вақтда бундай корхоналарнинг фаолиятини қўллаб-қувватлаш муҳимлигини таъкидлади.
Ташриф якунида “Сурхон мега фруит” МЧЖ томонидан логистика маркази ташкил этиш лойиҳаси билан танишилди. Вилоятимизнинг қатор ҳудудларига яхна ичимликлар ва бошқа озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб бериш хизматини кўрсатиши режалаштирилган логистика маркази лойиҳасининг умумий қиймати 5,5 млрд сўм бўлиб, 52 та иш ўрни яратиш мақсад қилинган. Вилоят раҳбари лойиҳани амалга ошириш билан боғлиқ масалалар ҳал этилишида кўмак кўрсатилишини билдирди ҳамда масъулларг тегишли вазифаларни белгилаб берди.
Шунингдек, шу ернинг ўзида тадбиркор томонидан ёқилғи қуйиш ва бошқа хизмат кўрсатиш нуқталари ташкил этиш лойиҳалари ҳам тақдимот қилинди. Вилоят раҳбари лойиҳаларнинг иқтисодий самарадорлигини кўриб чиқиш ҳамда такомиллаштириш юзасидан ўзининг зарур тавсияларини берди.
-
Манзил :Термиз шаҳар, Ат-Термизий, 1-А уй. Жамот транспортлари: 2,4,8,222,17,13,5
-
Телефон :+998 (76) 224-02-89, 1088 Antikorrupsiya +99876-228-0190-2012
-
E-mail:gov@surxondaryo.uz