Бойсунда аҳоли бандлиги ва кичик бизнесни қўллаб-қувватлаш лойиҳалари билан танишилди
Бугун Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов кичик бизнесни қўллаб-қувватлаш дастурига мувофиқ тадбиркорларга кўрсатилаётган ёрдамлар, яратилаётган иш ўринлари ҳамда аҳоли бандлигини таъминлаш, камбағалликни қисқартириш мақсадида “Сайхунобод” тажрибасини жорий этиш ишлари билан танишиш мақсадида Бойсун туманига ташриф буюрди.
Дастлаб, вилоят раҳбари туманнинг Ширинобод маҳалласида "Турди Жўрақул" фермер хўжалиги томонидан ташкил этилган сутни қайта ишлаш лойиҳаси билан танишди. Умумий қиймати 600 млн сўм бўлган лойиҳани кенгайтириш учун кичик бизнесни қўллаб-қувватлаш дастури орқали имтиёзли кредит маблағи ажратилган бўлиб, 10 та иш ўрни яратилган. Йиллик қуввати 90 тонна бўлган цехда қаймоқ, кефир, сметана ва бошқа турдаги сут маҳсулотлари ишлаб чиқарилади.
Вилоят раҳбари иш жараёнлари ҳамда маҳсулотлар билан танишиб, шу ерда фаолият олиб бораётган ишчи-ходимлар билан суҳбатлашди. Тадбиркорга лойиҳани янада ривожлантириш, ишлаб чиқариш қуввати ва иш ўринлари сонини ошириш бўйича зарур тавсияларини берди.
Шундан сўнг, кичик бизнесни қўллаб-қувватлаш дастури орқали кўмак кўрсатилган яна бир лойиҳа, “Dream’s Shahrinaz” оилавий корхонасининг ҳунармандлик маҳсулотлари тайёрлаш ва тикувчилик фабрикаси фаолияти билан танишилди. Лойиҳа доирасида 62 та иш ўрни яратилган бўлиб, йилига 2,9 млрд сўмлик 10 турдаги ҳунармандчилик ва тикувчилик маҳсулотлари тайёрланади.
Вилоят раҳбари ишлаб чиқариш жараёнлари билан танишар экан, Сурхон воҳасининг миллий кийимлари, дўппи ва чопонлар, фолькор либослар тикилиши йўлга қўйилганлиги, миллий қадрият ва анъаналарни ривожланишига қўшаётган ҳиссаси учун тадбиркорга ўз миннатдорчилигини билдирди.
Ташриф сўнгида вилоят ҳокими туманнинг Боғиболо маҳалласида истиқомат қилиб келаётган 65 ёшли тажрибали деҳқон Ёдгор Маматмуродовнинг хонадонида бўлди. Ўзининг шахсий томорқасида боғдорчилик, кўчатчилик, иссиқхона ҳамда чорвачиликни йўлга қўйган миришкор оила аъзоларини ҳам доимий меҳнатга, томорқадан самарали фойдаланишга ўргатиб келади.
Вилоят раҳбари фуқаронинг мазкур ишларини, деҳқончилик тажрибасини эътироф этди ҳамда ташриф якунида масъулларга “Сайхунобод” тажрибасини намунали ташкил этиш юзасидан вазифаларни белгилаб берди.
-
Манзил :Термиз шаҳар, Ат-Термизий, 1-А уй. Жамот транспортлари: 2,4,8,222,17,13,5
-
Телефон :+998 (76) 224-02-89, 1088 Antikorrupsiya +99876-228-0190-2012
-
E-mail:gov@surxondaryo.uz