Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимовнинг воҳа аҳлига Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз уч йиллиги муносабати билан байрам табриги

Ассалому алайкум қадрли воҳадошлар,

Азиз воҳамиз меҳмонлари!

Бугун барчамиз учун энг азиз, энг улуғ байрамимиз - мамлакатимиз Мустақиллигининг 33 йиллигини кўтаринки руҳда, қарши олмоқдамиз.

Буюк аждодларимиз ва танти халқимизнинг асрий орзуларини рўёбга чиқарган Мустақиллигимизнинг 33 йиллиги билан бутун вилоятимиз аҳлини табриклайман!

Ҳурматли воҳадошлар!

Мамлакатимиз бўйлаб Мустақиллигимизнинг бу йилги шодиёналари ҳурматли Президентимиз ташаббуслари билан “Бир бўлсак – ягона халқмиз, бирлашсак – Ватанмиз!” деган шиор остида кенг нишонланмоқда.

Бу эзгу ғоя негизида чуқур маъно мужассам.

Зеро, сўнгги йилларда инсон қадри улуғланиб, юртдошларимизнинг кўплаб муаммо ва масалаларига ечим топиш, халқимиз турмуш фаровонлигини янада яхшилаш давлатимизнинг устувор вазифасига айланди.

Шунга мос равишда, Янги Ўзбекистонни бунёд этиш учун мамлакатимиз тарихида туб бурилиш, юксак ривожланиш жараёнлари кечмоқда.

Бу янгиланишлар ўтмишдан илму-фан, маънавият, маърифат ва маданият бешиги бўлиб келган Сурхон воҳасини ҳам янада обод, гўзал ва фаровон масканга айлантирмоқда.

Азиз воҳадошлар!

Мустақиллигимизнинг 33 йиллиги муносабати билан мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотларда фаол иштирок этаётган кўплаб турли соҳа вакиллари давлатимизнинг юксак мукофотларига сазовор бўлиб, орден ва медаллар билан тақдирланди.

Вилоятимиздан ҳам 16 нафар воҳадошимиз ана шундай юксак мукофотларга сазовор бўлди.

Фурсатдан фойдаланиб, улуғ айёмда унвон, орден ва медалларга сазовор бўлган барча юртдошларимизни чин дилдан муборакбод этамиз!

Муҳтарам воҳадошлар!

Мустақиллигимизнинг ўтган йилларига назар ташласак, сўнгги йилларда халқимиз ҳаётида туб бурилиш даври бўлаётганига гувоҳ бўламиз.

Хусусан, сўнгги йилларда тадбиркорликни ривожлантириш ва уларга қулай муҳит яратиш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ўзининг самарасини бермоқда.

Жумладан, сўнгги етти йилда вилоятда тадбиркорлар сони 3 баробарга, ялпи ҳудудий маҳсулот ишлаб чиқариш 1,5 баробарга, саноат маҳсулотлари ҳажми 1,6 баробарга, хизмат кўрсатиш 2,4 баробарга ошди.

“Сайхунобод”, “Уйчи”, “Зарбдор” ва “Ғиждувон” тажрибалари асосида тадбиркорлар томонидан йил бошидан буён 278 минг нафар аҳолининг бандлиги таъминланиб, йил якунига қадар яна 146 минг нафар жами 416 минг нафар аҳоли бандлиги таъминланади.

Ҳурматли Президентимиз томонидан куни-кеча тадбиркорлар куни муносабати билан ўтказилган учрашувда тадбиркорлар учун кўплаб имтиёз ва енгилликлар берилди.

Бу имтиёзлар натижасида вилоятда тадбиркорлик янада ривожланиб, янги иш ўринлари яратилишига ва аҳоли даромадлари ошишига албатта катта туртки бўлади.

Шу ўринда, аҳоли бандлигини таъминлаш орқали фуқароларимиз ва вилоятимизнинг иқтисодий имкониятларини яхшилашда ўзининг муносиб ҳиссасини қўшаётган фаол тадбиркорларимизга миннатдорчилик билдираман.

Ҳурматли воҳадошлар!

Чет эл давлатлари билан иқтисодий алоқалар мустаҳкамланмоқда.

Хусусан, жорий йилда вилоят делегациясининг Хитой, Япония, Венгрия ва Россия давлатларига ташрифлари амалга оширилиб, қиймати 8,3 млрд долларлик 63 та лойиҳаларга инвестициялар жалб этиш бўйича келишувларга эришилди.

Жорий йилнинг 8 ойи давомида 417 млн. доллар инвестициялар жалб қилиниб, ўтган йилга нисбатан уч баробар ўсишга эришилди.

Бугунги кунда, хорижий компаниялар иштирокида вилоятда 30 дан ортиқ йирик инвестиция лойиҳалари амалга оширилмоқда.

Хусусан, Хитой тадбиркорлари билан Сариосиё ва Олтинсой туманларида кўмир конларини ўзлаштириш, Россия тадбиркорлари билан Бойсун туманида “Мустақилликнинг 25 йиллиги” газ конида газни қайта ишлаш заводи, Қумқўрғон туманида йирик тўқимачилик фабрикаси, Германия, Франция ва Голландия инвесторлари билан Ангор туманида қиймати 1,2 млрд. долларлик, қуввати 1 500 МВТга тенг бўлган иссиқлик электр станцияси, Бирлашган Араб Амирликлари билан ҳамкорликда Шеробод туманида йирик қуёш станцияси амалга оширилмоқда.

Бундай лойиҳаларни кўплаб келтириш мумкин.

Бундан ташқари, туризмни ривожлантириш учун, Бойсун тумани “Омонхона” ва Сариосиё тумани “Сангардак” ва Жарқўрғон тумани “Оқтепа” массивларида мастер режа асосида катта лойиҳалар бошланмоқда.

Ёшлар тадбиркорлигига ҳам катта эътибор берилмоқда.

Хусусан, Термиз шаҳри ва барча туманларда “Ёшлар ва туризм кўчалари” ташкил этилмоқда.

Денов туманида “Қизилсув” дарёси қирғоқлари мустаҳкамланиб, туну-кун ишлайдиган савдо, сервис ва кўнгилочар нуқталар ташкил этилиб, 500 та янги иш ўринлари яратилади.

Термиз шаҳрида Ай-Ти парк ҳамда Сариосиё туманида Ай-Ти шаҳарчаси ташкил этилиб, 500 нафар ёшларнинг бандлиги таъминланади.

Термиз шаҳридаги “Тинчлик” ёшлар саноат зонаси тажрибаси асосида Қумқўрғон, Бандихон, Жарқўрғон, Ангор ва Денов туманларида ёшлар саноат зоналари ташкил этилиб, 200 дан зиёд ёш тадбиркорларга шароит яратилади.

Қадрли сухондарёликлар!

Куни-кеча вилоятимиз учун катта тадбир ўтказилди, яъни Президентимиз ташаббуслари билан 26 гектар майдонда барпо этилган “Термиз халқаро савдо маркази”нинг очилиш маросимини ўтказдик.

Марказда бир вақтнинг ўзида савдо нуқталаридан ташқари, меҳмонхона, ресторан, тиббий маскан, бизнес маркази, автотураргоҳ, омборхона ва логистика маркази ишга туширилди.

Марказнинг ишга туширилиши қўшнимиз Афғонистон фуқаролари ва тадбиркорларига ҳам кенг имкониятлар яратиб беради.

Айниқса, икки давлат ўртасидаги дўстона муносабатларни яхшилаб, савдо-иқтисодий алоқаларнинг янада ривожланишига туртки бўлишига ишонамиз.

Қадрли воҳадошлар!

Аҳолининг турмуш даражасини яхшилаш бўйича ҳам катта ишлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, “Ташаббусли бюджет” лойиҳасининг самараларини бугун ўзларингиз кўриб турибсизлар.

Жумладан, “Ташаббусли бюджет” доирасида 1-мавсумда “ғолиб” деб топилган 197 та лойиҳага жами 248 млрд. сўм маблағ йўналтирилиб, мазкур ҳудудларда яшаётган аҳоли турмуш даражасини оширишга ва яшаш шароити яхшилашга сарфланмоқда.

“Ташаббусли бюджет” лойиҳасининг 2-мавсумида ҳам вилоятда жами 2 441 та таклифлар билдирилиб, Республика бўйича энг кўп таклиф киритилган ҳудудлардан бўлди. Бу ҳам аҳолимизни ўз тақдирига, эртанги кунига бефарқ эмаслигини англатади.

Мамлакатимизда аҳолини уй-жой билан таъминлаш ҳам устувор вазифаларимиздан бирига айланган. Бу йил вилоятимизда жами мингта хонадонни фойдаланишга топшириш режалаштирилган бўлиб, бугунги кунга қадар 1 721 хонадонли 35 та кўп қаватли уй-жойлар фойдаланишга топширилди.

Хонадон харид қилиш учун 2 100 нафар фуқарога субсидиялар ажратилди.

Сифатли таълим учун замонавий шароитлар яратиш мақсадида жорий йилда 137 та мактаб, 29 та боғчада қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилмоқда.

Жорий йилда вилоятнинг тоғли ҳудудларида мактаб ўқувчилари учун бепул автобус қатнови йўлга қўйилади.

Азиз воҳадошлар!

Вилоятимиз тиббиётидаги ўзгариш ва янгиланишлар ҳам мамлакатимизда инсон қадри юксак даражада улуғланаётганини кенг намоён этмоқда.

Жойларда замонавий тиббий хизмат кўрсатиш сифати ва самарадорлиги ўсиб бораётгани бунга яққол мисолдир.

Хусусан, Термиз шаҳрида “Тиббиёт кластери”, Шўрчи тумани марказий шифохонаси, Термиз туманида Янгиариқ шифохонаси янгидан қурилмоқда.

Бирламчи тиббий ёрдам кўрсатиш учун оилавий шифокорлик пунктлари таъмирланиб, барча ҳудудларда “Сурхондарё тадрибаси” сифатида патронаж тизими жорий этилди.

Мустақилликнинг яна бир буюк неъмати олис ва чекка қишлоқларда ҳам кенг, равон йўллар барпо этиш бўйича олиб борилаётган йирик ҳажмдаги ишларни ўзларингиз кўриб, гувоҳи бўлмоқдасиз.

Муҳтарам воҳадошлар!

Қишлоқ хўжалигида ҳам туб ўзгаришлар бўлмоқда. Хусусан, жорий йилги мавсумда заҳматкаш фермер ва деҳқонларимиз томонидан республикамизда биринчилардан бўлиб мисли кўрилмаган баракали хирмон етиштирилди.

Хусусан, вилоятда 850 минг тоннадан ошиқ дон етиштирилиб, ўртача ҳосилдорлик 86 сентнерни ташкил этди.

Мева, сабзавот, полиз ва бошқа озиқ-овқат экинларидан ҳам мўл ҳосил етиштирилди.

Айни вақтда далаларда етиштирилган пахта ҳосилини йиғиб териб олишда ҳам уюшқоқлик билан ишлар бошланди.

Мавриди келганда иссиқни-иссиқ, совуқни совуқ, демай қишин-ёзин бетиним меҳнат қилаётган ва иқтисодиётимизни юксалтиришга муносиб ҳисса қўшаётган, бозорларимиз тўкинлигини таъминлаб, байрам дастурхонларимизга файз улашаётган фидойи деҳқон-у боғбонларимизга чуқур миннатдорлик билдирамиз.

Азиз ва танти сурхондарёликлар!

Вилоятда юз бераётган бу каби ўзгариш ва янгиланишларнинг барчаси ҳурматли Президентимизнинг воҳани ҳар томонлама ривожлантиришга, меҳнаткаш халқимизнинг турмуш даражасини янада оширишга қаратаётган алоҳида эътиборларининг самарасидир.

Бундай ғамхўрлик ва юксак ишончни оқлаш учун ўзимизга юклатилган вазифаларни виждонан бажариш барчамизнинг асосий мақсадимиз бўлмоғи зарур.

Ана шундай эзгу мақсад йўлида Сизларга куч-қувват, мустаҳкам соғлик, ишларингизга файз-у барака, омад ва зафарлар тилайман.

Азиз ва муҳтарам воҳадошлар!

Сиз азизларни, Сурхон воҳасининг кўп миллатли халқини яна бир бор энг улуғ, энг азиз айём – истиқлол байрами билан самимий муборакбод этаман.

Эл-юрт равнақи, жонажон Ўзбекистонимиз тараққиёти йўлида олиб бораётган эзгу ишларингизда ҳамиша муваффақият ёр бўлсин!

Янги Ўзбекистонимиздаги осойишта, обод турмушимиз ва мустақиллигимизга кўз тегмасин!

Тинч ва осуда, фаровон ҳаётимиз, Мустақиллигимиз абадий бўлсин!

Эътиборларингиз учун раҳмат!

Изоҳ қолдириш

Сўровнома
Сурхондарё вилояти ҳокимлиг фаолиятини қандай бахолайсиз ?

Боғланиш
Сайт Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги, Ахборот коммуникация технологияларини ривожлантириш маркази мутахассислари томонидан яратилган.