Ҳудудларда амалга оширилаётган йирик инвестиция лойиҳалари билан танишилди
Бугун Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов йирик лойиҳаларнинг техник иқтисодий асослари муҳокамасидан сўнг, Ангор, Бандихон ва Қумқўрғон туманларида амалга оширилаётган инвестиция лойиҳалари, корхоналар фаолияти билан танишди ҳамда янги ишлаб чиқариш нуқтаси очилишида иштирок этди.
Хусусан, Ангор туманида чармга ихтисослашган ёшлар саноат ва тадбиркорлик зонаси қурилиши ҳамда туман марказида барпо этилган, қиймати 174 млрд сўмни ташкил этувчи “Ангор индех” улгуржи савдо мажмуасида тадбиркорлар фаолиятини йўлга қўйиш борасида амалга оширилаётган ишлар билан танишилди. Мажмуага тадбиркорларни жалб қилиш борасида мутасаддиларнинг ахборотлари тингланди. Шунингдек, тадбиркорлар билан мулоқот қилинди. Вилоят раҳбари мажмуа ҳудудида кўрпа-тўшаклар савдосини йўлга қўйган тадбиркор фаолияти билан ҳам танишди.
Вилоят раҳбарининг ҳудудларга ташрифи Бандихон туманида давом этди. Ташриф давомида “Бандихон агрокластер” МЧЖнинг сунъий тола аралашмали ип калава ишлаб чиқариш лойиҳасида хориждан келтирилган ускунларни ўрнатиш жараёнлари, 27 гектар майдонда ташкил этилаётган “Бектепа-3” кичик саноат зонасида олиб борилаётган қурилиш ишлари кўздан кечирилди. Шунингдек, кичик саноат зонасида ташкил этилган автомобиль чехоли ишлаб чиқариш корхонаси очилишида иштирок этилди.
Туманга ташриф якунида 30 та иш ўрни яратилиши кутилаётган, қиймати 3,2 млрд сўм бўлган асфальт ишлаб чиқариш заводи қурилиши кўздан кечирилди. “Какайди сардорлари” хусусий корхонаси томонидан амалга оширилаётган ушбу лойиҳа жорий йил октябрь ойида ишга туширилиши режалаштирилган.
Шундан сўнг, вилоят ҳокими Қумқўрғон туманига ташриф буюриб, “Қумтекс Инвест” МЧЖнинг сунъий ва ингичка пахта толасидан аралашмали ип йигирув, мато тўқув ҳамда пардозлаш лойиҳасида олиб борилаётган ишлар билан танишди. Умумий қиймати 72,5 млн евро бўлган лойиҳада хориждан келтирилган ускуна ва жиҳозларни ўрнатиш ишлари олиб борилмоқда. Тўлиқ қувватда 1 150 та иш ўрни яратилиши мақсад қилинган лойиҳа икки босқичда - 2024-2025 йилларда ишга туширилиши режалаштирилган.
Шунингдек, туманнинг Боғаро маҳалласида “Саноат ипотекаси” асосида ташкил этилаётган “Боғаро ёшлар саноат ва тадбиркорлик зонаси”ни ташкил этиш ҳамда кўп қаватли уй-жойлар қурилиши тақдимотлари билан танишилди. Вилоят раҳбари ишларни жадаллаштириш, 200 та иш ўрни яратиладиган ёшлар тадбиркорлиги ва саноат зонасини қисқа муддатларда ишга тушириб, ёш тадбиркорларнинг лойиҳаларини амалга оширишга кўмаклашиш лозимлигини таъкидлади.
Ташриф якунида вилоят ҳокими раҳбарлигида “Фармацевтика” ва “Электротехника” йўналишида амалга оширилаётган лойиҳалар тақдимоти кўриб чиқилиб, вилоят, шаҳар ва туманлар ҳокимларининг инвестиция масалалари бўйича ўринбосарлари, мазкур йўналишларда фаолият юритаётган тадбиркорлар иштирокида муҳокама қилинди.
-
Манзил :Термиз шаҳар, Ат-Термизий, 1-А уй. Жамот транспортлари: 2,4,8,222,17,13,5
-
Телефон :+998 (76) 224-02-89, 1088 Antikorrupsiya +99876-228-0190-2012
-
E-mail:gov@surxondaryo.uz