Маданият марказлари, туризм ва ёшлар кўчалари қурилиши билан танишилди

Бугун Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов ҳафталик иш режасининг жума кунига мўлжалланган ташриф йўналишига асосан Термиз шаҳри, Термиз ва Ангор туманларида туризм, маданият, маданий мерос ва оммавий коммуникациялар ҳамда хотин-қизлар йўналишларида амалга оширилаётган ишлар билан танишди.

Дастлаб, Термиз шаҳри Тупроққўрғон маҳалласи бўйлаб ободонлаштириш, йўлбўйи инфратузилмасини яхшилаш, яшил ҳудудларни яратиш ва сақлаш борасида амалга оширилаётган ишлар билан танишилди. Шундан сўнг, ушбу маҳаллада жойлашган Ички ишлар бўлинмасида Термиз шаҳри, Термиз ва Ангор туманлари Ички ишлар бўлимлари бошлиқларининг аёллар жиноятчилигини жиловлаш, хотин-қизлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикасини кучайтириш борасида амалга оширилаётган ишлари ҳамда келгусидаги режалари юзасидан ахборотлари тингланди. Мутасаддиларга бу борада тегишли вазифа ва топшириқлар белгилаб берилди.

Шунингдек, шу ернинг ўзида “Хўжаипок туризм зонаси ва сиҳатгоҳи” қурилиши бўйича тақдимот ҳам кўриб чиқилди. Лойиҳа доирасидаги ишларни сифатли амалга ошириш, ҳудудда зарур инфратузилмани яратган ҳолда сайёҳлар учун туну-кун хизмат кўрсатувчи масканга айлантириш лозимлиги кўрсатиб ўтилди.

Шундан сўнг, вилоят раҳбари Термиз туманига ташриф буюриб, “Учқизил” сув омбори бўйида ташкил этилаётган “Ёшлар ва туризм кўчаси”нинг қурилиш ишлари билан танишди. Амалга оширилаётган ишлар юзасидан масъулларнинг ахборотлари тингланди. Шунингдек, “Учқизил” сув омборидаги мавжуд имкониятларни ишга солган ҳолда яратилиши режалаштирилган экотуризм масканлари лойиҳалари ҳам тақдимот қилинди. Экотуризм масканларини ташкил этиш учун қулай шароитларга эга бўлган сув омбори атрофида инфратузилмани ривожлантириш орқали янги иш ўринлари яратилиши мумкинлиги таъкидланди ҳамда мутасаддиларга лойиҳаларнинг техник ва иқтисодий асосларини пухта ишлаб чиққан ҳолда тасдиққа киритиш топширилди.

Туманга ташрифнинг кейинги манзилида 3-сонли маданият марказини “Намунали маданият маркази”га айлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар кўздан кечирилди. Шу ернинг ўзида вилоят Маданият бошқармаси бошлиғи бу борада шаҳар ва туманларда амалга оширилаётган ишлар юзасидан ҳисобот берди. Белгиланган лойиҳа ва кўрсатмаларга асосан ишларни тизимли ташкил этиш, ҳар бир ҳудудда камида биттадан намунали маданият марказини ташкил этиш вазифаси топширилди.

Вилоят раҳбари ҳудудларга ташрифини Ангор туманида давоми эттириб, Наврўз маҳалласи ҳудудидан оқиб ўтувчи канал бўйида “Ёшлар ва туризм” кўчасини ташкил этиш ишларининг бориши билан танишди. Шунингдек, 6-сон “Янгиобод” маданият марказини “Намунали маданият маркази”га айлантириш ишлари кўздан кечирилиб, мутасаддиларнинг амалга оширилаётган ишлар юзасидан ҳисоботлари тингланди.

Изоҳ қолдириш

Сўровнома
Сурхондарё вилояти ҳокимлиг фаолиятини қандай бахолайсиз ?

Боғланиш
Сайт Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги, Ахборот коммуникация технологияларини ривожлантириш маркази мутахассислари томонидан яратилган.