Новосибирск делегацияси “Термиз халқаро савдо маркази” билан танишди
Айни вақтда Сурхондарё вилоятига амалий ташриф билан келган Новосибирск вилояти губернатори Андрей Травников бошчилигидаги делегация вилоятимиз раҳбари Улуғбек Қосимов ҳамроҳлигида “Термиз халқаро савдо маркази” - “Airitom free zone”га ташриф буюрди.
Марказий Осиёдаги биринчи эркин савдо зонаси Ўзбекистон ва Афғонистон чегарасида, Термиз тумани ҳудудида жойлашган бўлиб, қиймати 70 млн АҚШ долларни, умумий майдони 36 гектарни ташкил этади. Ҳудудда меҳмонхона, тиббиёт клиникаси, бизнес мактаби, йирик савдо ва хизмат кўрсатиш маркази, ресторанлар, хостел ҳамда йилига 900 минг тонна юк айланмаси қувватига эга логистика маркази ҳамда ишлаб чиқариш корхоналари жойлашган.
Ташриф давомида меҳмонлар марказда Бизнес мактаби, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган электротехника ва заргарлик маҳсулотлари шоурумлари ҳамда логистика маркази ва бошқа бир қатор обектлар, шунингдек, зонада яратилган шароитлари, имконият ва имтиёзлар билан танишишди.
Марказ ҳудудида барча давлат фуқароларининг 15 кун давомида виза расмийлаштирмасдан кириш ва чиқиш ҳамда мултивалюта билан савдо қилиш йўлга қўйилганлиги келгусида зонадаги мавжуд имкониятлардан фойдаланган ҳолда Ўзбекистон ва Россия, хусусан, Сурхондарё ва Новосибирск ўртасида товар айрбошлаш ҳажмини оширишга замин яратиши қайд этилди.
-
Манзил :Термиз шаҳар, Ат-Термизий, 1-А уй. Жамот транспортлари: 2,4,8,222,17,13,5
-
Телефон :+998 (76) 224-02-89, 1088 Antikorrupsiya +99876-228-0190-2012
-
E-mail:gov@surxondaryo.uz