Хатлон вилояти делегацияси Сурхондарёга ташриф буюрди
Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимовнинг таклифига биноан Тожикистон Республикаси Хатлон вилояти раиси Давлатали Саид бошчилигидаги делегация амалий ташриф билан вилоятимизга келди.
Делегацияни Ўзбекистон-Тожикистон давлатлари чегарасида жойлашган “Гулбаҳор” божхона чегара постида Сурхондарё вилояти ҳокимининг ўринбосарлари, Термиз тумани ҳокими ва бошқа расмийлар тантанали кутиб олди.
Шундан сўнг, Хатлон вилояти раиси Давлатали Саид вилоятимиз раҳбари Улуғбек Қосимов ҳамроҳдигида Марказий Осиёдаги биринчи эркин савдо зонаси Ўзбекистон ва Афғонистон чегарасида, Термиз тумани ҳудудида жойлашган “Термиз халқаро савдо маркази” - “Airitom free zone” билан танишди.
Марказ ҳудудида барча давлат фуқароларининг 15 кун давомида виза расмийлаштирмасдан кириш ва чиқиш ҳамда мултивалюта билан савдо қилиш имконияти яратилганлиги, Ўзбекистон ва Тожикистон, хусусан, Сурхондарё ва Хатлон вилоятлари ўртасида товар айирбошлаш ҳажмини оширишга замин яратиши таъкидланди.
Шунингдек, марказга тожикистонлик тадбиркорларни ҳам жалб қилиш, бу орқали нафақат икки мамлакат ўртасида, балки дунё давлатлари билан савдо-сотиқ алоқаларини ривожлантириш масалалари қайд этилди.
Шундан сўнг, Термиз давлат муҳандислик ва агротехнологиялар университетида Хатлон вилояти делегациясига Сурхондарё вилоятининг фойдали қазилмалари, тоғ-кон ва геология саноатидаги салоҳияти тақдимот қилинди. Унда икки ҳудуд тадбиркорлари ҳам иштирок этди.
Тақдимотда геология саноатидаги инвестицион салоҳияти, нефт ва газ, тошкўмир, полиметалл, ош тузи конлари, гипс, гранит, аргиллит каби қурилиш материаллари, минерал сувли булоқлари ҳақида маълумотлар берилди ҳамда ушбу йўналишларда ишлаб чиқилган лойиҳа таклифлари билан ҳам таништирилди.
Воҳамизга амалий ташрифини давом эттираётган Хатлон вилояти раиси Давлатали Саид бошчилигидаги делегация “Сурхондарёдонмаҳсулотлари” АЖга ташриф буюрди. Бу ерда меҳмонлар “Асл Дон - 2024” МЧЖнинг дон уруғчилиги ҳамда ун ва нон маҳсулотлари кўргазмаси билан танишди.
Мутасаддилар кейинги йилларда дон етиштириш ва қайта ишлаш соҳасида эришилган натижалар ҳамда ишлаб чиқариш қувватлари ва экспорт салоҳияти ҳақида маълумот берди.
Шундан сўнг, Хатлон вилояти делегацияси Ал Ҳаким ат-Термизий мақбарасини зиёрат қилишди ва мажмуа билан яқиндан танишишди.
-
Манзил :Термиз шаҳар, Ат-Термизий, 1-А уй. Жамот транспортлари: 2,4,8,222,17,13,5
-
Телефон :+998 (76) 224-02-89, 1088 Antikorrupsiya +99876-228-0190-2012
-
E-mail:gov@surxondaryo.uz