Деновда ишлаб чиқариш ва ижтимоий соҳа объектлари билан танишилди ҳамда тадбиркорлар билан мулоқот қилинди
Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов ҳафталик иш режасига мувофиқ, бугун инвестиция, экспорт ва саноат йўналишларида амалга оширилаётган лойиҳалар, ишлаб чиқариш ва ижтимоий соҳа объектлари, тадбиркорлар фаолияти, шунингдек, ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасидаги ишлар билан танишиш мақсадида Денов туманига ташриф буюрди.
Дастлаб, вилоят раҳбари туман марказида, М41 халқаро автомагистрал ва темирйўл устидан барпо этилаётган йўл ўтказгич, кўприк қурилиши билан танишди. Лойиҳани амалга ошираётган пудрат корхонаси раҳбари билан қурилиш-таъмирлаш ишларининг бориши, мавжуд муаммолар ҳамда уларнинг ечими юзасидан суҳбатлашди.
Шундан сўнг, “Евро Мед” хусусий клиникаси фаолияти билан танишилди. Клиникага Германиянинг “Siemens” компанияси томонидан ишлаб чиқарилган, қиймати 1 млн долларлик мураккаб юрак жарроҳлик амалиётларини ўтказиш имкониятини берувчи тиббий асбоб-ускуна ва жиҳозлар келтирилган. Беморларга мураккаб тиббий хизматлар кўрсатиш учун вилоятимизда шундай шароитлар яратилаётгани фуқароларимизнинг хорижий давлатларга сарсон бўлишининг олдини олиши қайд этилди.
Вилоят раҳбари клиника ёнида жойлашган 10-сонли давлат мактабгача таълим ташкилотидаги мавжуд шароитлар ҳамда ошхонада болалар учун овқатлар тайёрлаш жараёнларини ҳам кўздан кечирди. Боғча фаолиятида камчиликлар мавжудлиги, ҳудуд ободонлаштирилмаганлиги танқид қилиниб, мутасаддиларга камчиликларни бартараф этиш топшириғи берилди.
Кейинги манзилларда “Иброҳим Беҳруз” МЧЖнинг 600 минг долларлик темир ва қурилиш материаллари ишлаб чиқариш ҳамда “Денов Барон” МЧЖнинг мебель маҳсулотлари тайёрлаш корхоналари фаолияти билан танишилди. Вилоят раҳбари иккала лойиҳа билан танишув давомида тадбиркорлар билан суҳбатлашиб, ишлаб чиқариш ҳажмларини ошириш, фаолиятини кенгайтириш ва иш ўринларини кўпайтириш юзасидан тавсияларини берди ҳамда барча зарур кўмаклар кўрсатилишини таъкидлади. Шунингдек, Қизилсув дарёси бўйида ташкил этилаётган Ёшлар ва туризм сайлгоҳи қурилиши билан ҳам танишилди.
Ташриф якунида Денов тадбиркорлик ва педагогика институти мажлислар залида ҳудуд тадбиркорлари билан учрашув ўтказилди. Унда тадбиркорларни қийнаб келаётган муаммолар, уларнинг ташаббус ва таклифлари тингланди. Тадбиркорларнинг фаолиятларини қўллаб-қувватлаш, мавжуд муаммоларини ҳал этиш, лойиҳаларини амалга оширишга, хусусан, кредит, бино ва ер майдонларини олишда кўмак бериш бўйича мутасаддиларга вазифалар белгилаб берилди.
-
Манзил :Термиз шаҳар, Ат-Термизий, 1-А уй. Жамот транспортлари: 2,4,8,222,17,13,5
-
Телефон :+998 (76) 224-02-89, 1088 Antikorrupsiya +99876-228-0190-2012
-
E-mail:gov@surxondaryo.uz